Халқ билан фаол ва очиқ мулоқот — Тошкент вилоятида оммавий сайёр қабуллар давом этмоқда
Бугун, 29 август куни Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев раҳбарлигида «Қумовул» МФЙ ҳудудида фуқаролар мурожаатлари бўйича оммавий сайёр қабул ўтказилди.
Қабулда вилоятдаги барча масъул ташкилот раҳбарлари, жумладан Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков ҳам иштирок этди.
8 соатдан ортиқ давом этган мазкур қабулда 263 нафар фуқаронинг турли муаммолари ўрганилди. Мурожаатлар иш билан таъминлаш, уй-жой, коммунал хизматлар, соғлиқни сақлаш ва бошқа долзарб масалаларни қамраб олди. Шу жумладан, ички ишлар органлари фаолиятига оид – тергов-суриштирув, паспорт, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва бошқа шу каби мурожаатлар вилоят ИИББ бошлиғи томонидан қабул қилинди.
Қабул давомида мутасадди ташкилотлар раҳбарлари мурожаатларни биргаликда муҳокама қилиб, жойида ҳал этилиши мумкин бўлган 50 га яқин масалага ечим топилди. Қолган мурожаатлар юзасидан эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, аниқ муддат ва ижрочилар белгиланди.
Мазкур сайёр қабул аҳолининг муаммоларини ўрганиш ва уларни жойида ҳал этишга хизмат қилгани билан бир қаторда, ҳокимият, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат идоралари ҳамкорлигида халқ билан очиқ мулоқотни янада кучайтириш имконини бермоқда.