4 Апрел 2020 йил 1377

Гиёҳвандлик моддалари билан шуғулланувчи бир гуруҳ шахслар қўлга олинди

Тошкент вилояти ИИББ Жиноят қидирув бошқармасининг тезкор ходимлари томонидан соҳавий хизматлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар давомида, жами 4 нафар шахслар қўлга олиниб, улардан тахминий суммаси 25 миллион сўмга тенг бўлган жами 332,2 грамм “героин” ва 0,31 грамм “гашиш” ноқонуний гиёҳвандлик воситалари далилий ашё сифатида олинган. Ушланган барча шахсларга жиноий иш қўзғатилган.

2020 йилнинг март ойида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Чирчиқ шаҳарда яшовчи, 1981 йилда туғилган Баҳромхон С. шартли харидорларга, оғирлиги 0,51 грамм бўлган героин гиёҳвандлик моддасини 100 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтда қўлга олинган. Шунингдек, Баҳромхон С. холислар иштирокида кўздан кечирилганда унинг ёнидан оғирлиги 0,08 грамм героин ва 0,31 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган ва у ушбу воситаларни таниши Равшан Ю. дан олганлигини маълум бўлган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Чирчиқ шаҳрида яшовчи 1988 йилда туғилган Равшан Ю. шартли мижозга 0,09 грамм героин гиёҳванд воситасини 250 минг сўм эвазига сотаётган вақтида далилий ашё билан қўлга олинган. Шунингдек, ушланган шахс, тадбир давомида ушбу героинларни Зафар А. дан олганини маълум қилган. Зафар А. эса ушбу гиёҳвандлик воситасини таниши “Ҳасан” исмли шахсдан олганлиги аниқланган.

Бекобод шаҳрида яшовчи 1990 йилда туғилган Ҳасан П. шартли мижозга оғирлиги 200 грамм бўлган героин гиёҳвандлик воситасини 15 миллион сўм эвазига сотаётган вақтида ушланган. Шунингдек, унинг бошқарувида бўлган Nexiaʼ автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, машина салонидан 131,5 грамм бўлган героин гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ушланган 4 нафар шахсларга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech