“Долзарб 10 кунлик” – Чиноз ва Янгийўл туманларида ўрганиш ишлари олиб борилди
Фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш ва ҳудудларда хавфсизлик чораларини кучайтиришга қаратилган “Долзарб 10 кунлик” тадбирлари доирасида Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков бошчилигидаги ишчи гуруҳ Чиноз ва Янгийўл туманларида ўрганиш ишларини олиб борди.
Жараёнда ИИО ходимларининг тунги фаолияти, ижтимоий объектларда хавфсизликнинг таъминланиши ҳамда мавсумий тайёргарлик даражаси кўздан кечирилди.
Хусусан, Чиноз туманида “Яллама” чегара пункти яқинида жойлашган Ҳуқуқ-тартибот маскани ҳамда пахта сақлаш пунктида амалга оширилаётган ишлар назоратдан ўтказилди.
Янгийўл туманида эса туман ИИБ фаолияти, маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани, тиббиёт бирлашмаси ҳамда бошқа ижтимоий объектларда хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ўрганилди.
Асосий эътибор фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат жойлари ва маҳаллаларда тартибни кучайтириш, жиноятларнинг олдини олишга қаратилган “ижтимоий ҳамкорлик” ишларининг самарадорлигини ошириш ҳамда хонадонлар ва объектларда видеокузатув қамровини кенгайтиришга қаратилди.
Якунида аниқланган камчиликлар бўйича масъулларга хизмат самарадорлигини ошириш, аҳолининг осойишталигини таъминлаш ва тезкор вазиятни барқарор сақлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.