Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятчиликни жиловлаш ва маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш бўйича белгилаган топшириқларининг амалий ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент тумани ҳамда Қибрай туманида ўрганиш ишларини олиб борди.
Жараёнда ички ишлар бўлимлари шахсий таркибининг амалга ошираётган тунги хизмат фаолияти, ҳудудларда қўлланилаётган хавфсизлик чораларининг самарадорлиги ва уларнинг натижалари тизимли равишда ўрганилди. Хусусан, тунда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш мақсадида ПҚ-1 сонли қарор доирасида хизматни ташкил этиш ҳолати назоратдан ўтказилди.
Тошкент туманида 29-сонли маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти ҳамда Гултепа маҳалласида жойлашган «Қоплонбек» божхона чегара постидаги ИИО хизмат жараёнлари ўрганилди. Ушбу масканларда хизмат қилаётган ходимларнинг тайёргарлиги, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чоралар, шунингдек аҳолига қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилаётган ташкилий ишлар текширилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ Қибрай туманида фаолиятни ўрганишни давом эттирди. Туман ИИБ фаолияти ҳамда 7-сонли маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани шароитлари, хизматга жалб қилинган шахсий таркибнинг тайёргарлиги ва мавжуд куч ҳамда воситаларнинг тезкор вазиятни барқарор сақлашдаги роли баҳоланди.
Жараён давомида жиноятчилик кўп қайд этилаётган ҳудудларда амалга оширилаётган «ижтимоий ҳамкорлик» ишлари, хонадонлар ва жамоат жойларида видеокузатув қамровини кенгайтириш масалалари ҳам ўрганилди.
Ўрганиш якунида аниқланган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, хизмат самарадорлигини ошириш ва аҳолининг осуда ҳаётини таъминлаш мақсадида масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Тошкент вилояти бўйлаб ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти ўрганиш ва профилактик тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.