Бир миллион ёшлар билан ишлаш доирасида
Маълумки, давлат раҳбари топшириғига асосан бир миллион ёшларни қамраб олган қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалда татбиқ этилмоқда. Шу каби кенг масштабдаги тадбирлардан бири куни кеча Оққўрғон туманида ўтказилиб, тадбирга вилоят ички ишлар органларига бириктирилган ёшлар жалб қилинди.
Тумандаги “Ишга марҳамат мономаркази”да бўлиб ўтган тадбирда Тошкент вилояти ИИББ масъуллари, туман ҳокими ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи ҳамда мутасаддилар ва бир гуруҳ ёшлар иштирок этди.
Дастлаб, мутасаддилар томонидан ёшларнинг турли мазмундаги мурожаатлари тингланиб, ечим топиш чоралари кўрилган бўлса, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 20 нафар ёшларга Мономарказда касб ўрганишга, 10 нафарига эса ишга кириш бўйича йўлланма берилди.
Шунингдек, тадбир давомида 100 дан ортиқ ёшлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, саломатлигида муаммоси бўлган аёлларга муолажа қилиш белгиланди. Шунингдек, оила-турмуш доирасида турли вазиятларга тушиб қолган қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, уларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида психологик тренинг ташкил этилди.
Шу каби тадбир давомида, ёшлар орасида спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида, маҳалла қизлари ўртасида волейбол мусобақаси ўтказилди ва ғолиблар ташкилотчиларнинг совғалари билан тақдирланди.
Умуман олганда, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, келгусида жамиятда ўз ўрнига эга бўладиган шахс бўлиб етишишларида бу каби тадбирлар ўз самарасини бериши билан аҳамиятлидир.
Ёшлар муаммоларини манзилли ҳал қилишга қаратилган шу каби тадбирлар Тошкент вилоятининг барча шаҳар-туманларида ўтказилмоқда.