14 Июн 2025 йил 392

Бир гуруҳ ходимлар тақдирланиб, хизмат автомашиналари топширилди

Тошкент вилоятида ички ишлар органларида самарали хизмат қилаётган ходимларни муносиб рағбатлантириш мақсадида тантанали тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент вилояти ИИББ соҳавий хизматлари ҳамда Қўриқлаш бошқармаси ходимлари иштирок этди. Хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этиб, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда фаоллик кўрсатган 15 нафар ходимлар пул мукофоти ва Ташаккурнома билан тақдирланди.

Тақдирланганлар орасида Йўл ҳаракати хавфсизлиги, Патруль-пост хизмати ва Қўриқлаш бўлинмаларида хизмат қилаётган сафдорлар, кичик сержантлар ва офицерлар бор.

Шунингдек, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида, жами 20 та «Cobalt» русумли хизмат автомашиналари патруль-пост хизмати бўлинмаларига тантанали равишда топширилди.

Тадбир давомида Тошкент вилояти прокурори Азамат Мирзаев ва ИИББ бошлиғи Тоҳир Арипов сўзга чиқиб, ходимларни мукофотлар билан табриклади, уларнинг масъулиятли ва шарафли хизматларини эътироф этиб, келгусида янада катта ютуқларга эришишларига тилак билдирдилар.

Тадбир ходимларнинг тантанали саф юришлари билан якунланди.

Text to speech