Банк картасидан пулларни ечиб олган шахслар фош этилди
Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ва қуйи тизим ходимлари томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида, аёлнинг банк картасидан кўп миқдордаги пулларни яширин равишда ечиб олган шахслар аниқланиб, ушланди.
Қибрай туманида яшовчи 40 ёшли аёл ҳудудий ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидан 12,3 млн сўм пул маблағи ноқонуний равишда ечиб олингани ва ушбу ҳолат юзасидан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган суриштирув тадбирлари натижасида жиноятни Андижон вилоятида яшовчи 2000 й.т. шахс (З.С.) ва унинг тенгдоши содир қилганлиги аниқланган. Улар пулларни крипто-активлар биржадаги ҳисобига ўтказиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, суриштирув давомида ушбу шахслар крипто биржада 12 млрд сўмлик крипто-активлар билан мингдан ортиқ ноқонуний транзакциялар амалга оширгани аниқланган.
Ҳозирда ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми ва 278-моддаси 8-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов давомида фуқарога етказилган 12,3 млн сўм зарар миқдори ундирилишига эришилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.