26 Июл 2025 йил 435

«Анъанавий ва кибер жиноятларни тергов қилиш самарадорлигини ошириш» мавзусидаги семинар – идоралараро ҳамкорлик ва рақамли криминалистика имкониятлари

Бўстонлиқ туманида прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари, шунингдек, соҳага оид экспертлар ва тадқиқотчилар иштирокида кенг қамровли семинар ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов бошчилигида тизимнинг ҳудудий раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.

Семинар давомида жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш бўйича илғор усуллар, хусусан кибержиноятларга қарши курашда замонавий технологиялар ва рақамли криминалистика имкониятларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Рақамли терговга кўмаклашиш маркази раҳбари Б.Қудратов электрон маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва суд жараёнларида қўллаш усуллари ҳақида батафсил сўзлаб берди. Маърузаларда кибержиноятларни иссиқ издан аниқлаш, электрон далиллар билан ишлаш ва уларни тўғри сақлаш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Шу билан бирга, энергетика тизимидаги ноқонуний уланишлар, суғориладиган ер майдонларини ноқонуний эгаллаш ва сотиш, транспорт воситалари билан боғлиқ ҳодисалар ҳамда гиёҳвандлик воситалари бўйича жиноятларни тергов қилишнинг ўзига хос жиҳатлари бўйича тажрибалар алмашилди. Мутахассислар дастурий таъминот ва техник воситаларнинг имкониятларини амалий машғулотларда намойиш қилди.

Семинарда муҳокама қилинган мавзулар жиноятларни фош этиш ва тергов қилишда ҳам анъанавий усуллар, ҳам замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди. Иштирокчиларга келгусида юзага келадиган кибержиноятларни самарали тергов қилиш учун доимий ўқув машғулотлари ва тажриба алмашувларини давом эттириш тавсия этилди.

Тадбир якунида савол-жавоб ва фикр алмашув бўлиб, иштирокчилар янги билим ва кўникмаларни мустаҳкамлади. Шу билан бирга ушбу йўналишда намунали хизмат қилаётган бир гуруҳ ходимлар ташкилотчилар томонидан мукофотланди.

Text to speech