2 Март 2025 йил 957

Ҳамкорликда «Одам савдоси» жиноятига чек қўйилди

Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир натижасида бир неча фуқароларнинг «одам савдоси» қурбони бўлишининг олди олинди.

Дастлабки суриштирувларга кўра, Олмалиқ шаҳрида яшовчи икки аёлга ҳозирда Туркияда истиқомат қилаётган «Шаҳноза» исмли таниши қизларини ушбу давлатга юборишини, уларни ўзи кутиб олишини ва яхши даромад топишларига ёрдам беришини ваъда қилган. У қизларни «юз массажи» йўналишида иш борлиги билан ишонтирган, бироқ қизлардан шаҳвоний мақсадда фойдаланишни кўзлаган ва уларнинг Ўзбекистондан Туркияга бориш учун авиачипта ва бошқа моддий харажатларни қоплаб берган.

19 ёшли икки қиз жорий йилнинг 6 февраль куни Тошкент халқаро аэропорти орқали Туркиянинг Анқара шаҳрига, сўнг Коня вилоятига етиб борган. Уларни кутиб олган уч нафар шахс (Туркия ва Ўзбекистон фуқаролари) шу заҳотиёқ қизларнинг паспортларини олиб қўйган.

Шундан сўнг, уларни интим хизматлар кўрсатувчи хонадонга олиб бориб, эркакларга интим хизмат кўрсатишга мажбурлаган. Қизлардан бири бунга рози бўлмагани учун калтакланган ва унга руҳий ҳамда жисмоний тазйиқ ўтказилган. Уларни ёпиқ шароитда сақлаб, такрорий қаршилик кўрсатишса, ўлдириш билан таҳдид қилишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан 12 февраль куни олинган маълумотга асосан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 2005 йилда туғилган икки қизни Ўзбекистонга қайтарилишига эришилди. Қизлар зудлик билан реабилитация марказига жойлаштирилди.

Шунингдек, қизларни алдаб чақиртирган ва уларни шаҳвоний ишларга жалб қилган шахслар Туркияда ҳибсга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 1987 йилда туғилган (Ш.Ж.) аёлга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда ушбу шахсни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, одам савдоси жиноятини содир қилганлар 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

ИИББ Ахборот хизмати.

Text to speech