25 Май 2024 йил 9220

Адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш

«Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ-80-сон, 24.05.2024 й.қабул қилинди.

Фармонга кўра, қуйидагилар адлия органларининг қўшимча фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

• аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриб бориш;

• жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

• фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириб бориш;

• давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш.

Фармонга кўра, Адлия органлари фаолиятини ҳудудларда самарали ташкил этиш ҳамда ҳуқуқий хизматлар қамровини янада ошириш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимларига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

• жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда “Адлия куни” тадбирларини ўтказиш. Бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб бориш;

• уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш орқали фуқаролар кундалик ҳаётида аниқланадиган ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

• “маҳалла еттилиги”га қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини оддий ва халқчил тилда етказиш, шунингдек, улар томонидан “Онлине-маҳалла” платформасига киритилган аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларини ҳал этиб бориш;

• аҳолига, авваламбор “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;

• ёшлар, хотин-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар, преференциялар, субсидиялар, грантлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турлари ҳамда улардан фойдаланиш тартиби ҳақида хабардор қилиш;

• давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш.

Фармонга мувофиқ, 2024 йил 1 июлдан фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:

• Адлия вазирлиги томонидан “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида “Мадад” ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади;

• ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.

Шунингдек, ҳужжат билан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунчилик ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ҳамда уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида:

• фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси амалга оширилиб, лойиҳа доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раисларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб боришга қаратилган қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этилади.

Мактабларда 2024/2025-ўқув йилидан:

• Адлия вазирлигининг махсус электрон платформаси орқали ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг касбий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб бориш ҳамда уларни методик таъминлаш тизими йўлга қўйилади;

• ўқувчилар ўртасида “Ҳуқуқ билимдони” фан олимпиадаси, ҳуқуқ фани ўқитувчилари ўртасида “Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси” кўрик-танлови ўтказиб борилади;

• мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларни мустақил ўзлаштиришига қаратилган кўргазмали ўқув қўлланмалари, видеороликлар, компьютер ўйинлари ва мобил иловалар яратилади.

Text to speech