17 Май 2025 йил 202

Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаро ўзининг «Малибу-2» русумидаги автомашинаси таниши И.А. (1994 й.т.) томонидан сотиб юборилгани ва пулларини ўзлаштириб олингани юзасидан ИИБга мурожаат қилган.

Терговга қадар текширув ҳамда тергов жараёнида фуқаро (И.А.) 2025 йилнинг февраль-апрель ойлари давомида олдиндан режалаштирган ҳолда турли шахсларнинг ишончини суиистеъмол қилгани, автомашиналар ва йирик миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланди.

Жумладан, у:

1995 й.т., аёл (турмуш ўртоғи) номига гўёки бизнес бошлаш мақсадида жами 223,8 млн сўмлик онлайн кредитлар расмийлаштириб, маблағларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаган;

1982 й.т., эркакдан 2 600 АҚШ доллари ва «Lacetti» автомашинасини олиб, машинани учинчи шахсга арзон нархда сотиб юборган;

Яна бир эркакнинг «Матиз» автомашинасини вақтинча фойдаланишга олиб, бошқа шахсга 1 700 долларга сотган;

Яна бир аёл таниши ижарага олган «Lacetti»ни ҳам номаълум шахсга сотиб юборган;

1992 й.т., аёлнинг «Tracker-2» автомашинасига гўёки «чехол» олиб беришини айтиб олиб кетган ва сотиб юбориб, унинг ўрнига ўхшаш русумдаги бошқа машинани қайтарган ҳамда шу аёл номига 84,3 млн сўмлик кредитлар олиб пулларни ишлатиб юборган;

1988 й.т., эркакни арзон нархда машина олиб бериш баҳонасида 500 доллар ва шахсий ҳужжатларини олиб кетган.

Тергов давомида И.А. ўзлаштирилган автомашиналарни эҳтиёт қисмларга ажратиб, «сўйиб» сотгани, унга Наманган вилоятида яшовчи икки нафар автомеханик кўмаклашгани ва улар билан биргаликда кузов ҳамда двигатель рақамларини махсус ускуна орқали қалбакилаштиргани маълум бўлди.

Кўздан кечириш жараёнида далилий ашё сифатида 3 та автодвигател, қалбаки кузов ва мотор рақамлари, компьютер, болгарка, темир кесгич ускуналар, кесилган ҳолдаги автомашина олд қисми, ҳамда нашриёт номи кўрсатилмаган 20 дона диний мазмундаги китоблар олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан И.А. ва бошқа гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech