Зокиржон Алматов Чирчиқ шаҳрида бўлиб, маҳаллалар фаоллари ва ёш ходимлар билан учрашди – фоторепортаж
Бугун Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси генерал-полковник Зокиржон Алматов ҳамда ҳудуд масъуллари томонидан Чирчиқ давлат педагогика институтида учрашув ташкил этилди.
Шаҳардаги ижтимоий маданий муҳитни яхшилаш, фуқаролар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш каби масалаларни ўз ичига олган ушбу тадбирга маҳаллалар фаоллари, ИИО фахрийлари, тизимда ишлаб келаётган ёш ходимлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Учрашувда сўзга чиққан Зокиржон Алматов жамиятда соғлом муҳит барқарорлигини таъминлаш, фуқаролар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва турли жиноятларнинг олдини олиш асосий мақсад эканлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, Ички ишлар вазири маслаҳатчиси фуқаролар билан мунтазам мулоқотда бўлиш, ходимлар уларнинг ижтимоий ҳаётида дахлдорлик ҳисси билан иш кўриши яхши самара бериши тўғрисида алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида фаоллар масъулларга саволлар билан юзландилар. Айниқса, тизимда фаолият юритаётган ёш ходимлар учун ўтилган маҳорат дарси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув сўнгида хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган ходимларнинг ота-оналарига Ички ишлар вазири маслаҳатчисининг ташаккурномалари топширилди. Фидойи ходимлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
ИИББ Ахборот хизмати