Жиноятни фош этишда фаоллик кўрсатган фуқарога ИИББ бошлиғининг ташаккурномаси топширилди
Янгийўл шаҳрида яшовчи фуқаронинг ҳаёти сақлаб, жиноятчилардан бирини воқеа жойида ушлаб қолган фуқаро Фарҳод Норбековга, Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи номидан махсус совға топширилиб, миннатдорчилик билдирилди.
Вилоят ИИББ бошлиғининг ўринбосари подполковник Ёдгор Исабаев фуқаро Фарҳод Норбековга раҳбарият номидан ташаккур билдириб, махсус совға (ИИББнинг эсдалик қўл соати)ни топширар экан, гарчи яқини бўлсада фуқаролар ва жамият ҳаётига бефарқ бўлмагани, ўз фуқаролик позициясини намойиш этганлиги ҳамда унинг бу жасурлиги алоҳида таҳсинга лойиқлигини таъкидлаб, ўз номидан ҳам миннатдорчилик билдирди.
Тафсилотга кўра, жорий йил 7 февралдан 8 февралга ўтар кечаси тахминан соат 02-00ларда Янгийўл шаҳар «Мустақиллик» МФЙда яшовчи 54 ёшли Б.Р. (аёл)нинг яшаш хонадонига уч нафар шахслар ғайриқонуний равишда кирган. Буни сезиб қолган аёл куёви Ф.Норбековга қўнғироқ қилиб, вазиятдан хабардор қилган. У етиб келгунга қадар ушбу шахслар хонадон соҳибасини қўрқитиб, ётоқхонада бўлган 1 100 АҚШ доллари миқдоридаги турли тақинчоқлар ва 1 миллион 300 минг сўм миқдоридаги нақд пулларни олиб воқеа яширинмоқчи бўлади. Ўз вақтида келган фуқаро Норбеков улардан бирини жиноят жойида ушлаб қолади ва ИИБ ходимларига топширади.
Қўлга олинган Ф.С.дан жабрланувчига тегишли бўлган 9 дона турли хил тақинчоқлар далилий ашё сифатида олинган.
Олиб борилган тезкор суруштирув ишлари давомида Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрида яшовчи 5 нафар шахс (1993 йилда туғилган М.М., 1992 йилда туғилган Ф.С., 1986 йилда туғилган А.А. ва 1987 йилда туғилган О.Ч. ҳамда 1996 йилда туғилган Р.Б.)лар, фуқаро Б.Р. (аёл)нинг уйда ёлғиз эканлигидан фойдаланиб, олдиндан жиноий режа қилганлиги аниқланган ва гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан, ушланган шахсларга нисбатан вилоят ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИББ Ахборот хизмати