Жиноятчиликни олдини олишдаги асосий омиллардан бири – жамоатчилик назорати
Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи полковник Тоҳир Арипов ҳамда вилоят Прокурори Салом Самадов бошчилигида, Чирчиқ шаҳар 4та сектор раҳбари, жиноят содир этган шахс ва кенг жамоатчилик иштирокида жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди.
Йиғилишда 12 февраль куни Чирчиқ шаҳарда содир этилган қотиллик жиноятига сабаб бўлган омиллар, жиноят содир бўлишига яратилган замин ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кўрилиши керак бўлган чораларга эътибор қаратилди.
Вилоят ИИББ бошлиғи ушбу жиноят омиллари ҳақида гапирар экан, аввало эътибор қаратилиши лозим бўлган масала бу – жамоатчилик назорати. Яъни, қўни-қўшнининг, маҳалла аҳлининг бир-бирига, умуман жамият ҳаётига бефарқлиги эканлигини алоҳида таъкидлади.
– Чунки, ичкиликка ружу қўйган ушбу шахсни профилактика қилиш (даволаш) мумкин эди, -дейди Тоҳир Арипов. – Бундан олдин ҳам уч марта бошқа жиноятлари учун жавобгар бўлган. Ҳозирда бу каби нечта фуқаро бор маҳаллада? Улар билан қилинаётган ишларни алоҳида эътиборга олиб, керак бўлса, қайта-қайта реабилитацияга юбориш ва бошқа чораларини кўриш керак. Бунинг учун маҳалла ичида бўлаётган воқеа ҳодисаларни шу ердаги аҳоли, кўча боши, инспектор ва маҳалла раисидан бошқа одам яхши билмайди. Сизлар билдиришингиз керак. Фалончи яқинда реабилитациядан келди, лекин яна маҳаллада юриш туриши ўзгариб қолди ва бошқа ҳолатлар.
– Президентимиз таъкидлаганидек, жиноятликни олдини олиш бўйича фақат ҳуқуқ тартибот органлари эмас, ҳар биримиз масъулмиз, -деди Бош бошқарма бошлиғи. – Юқорида айтганимдек асосийси – жамоатчилик назорати. Бу каби ҳолатлар бефарқлик, лоқайдлигимиздан келиб чиқмоқда. Бунга бир қанча сабаб ва омиллар келтириш мумкин. Масалан, ички кўчаларни тунда ёритилиши, керак бўлса ҳар бир кўча, подъездга кузатув камералари ўрнатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш. Бу натижасини беради. Тажрибадан ўтганлари ҳақида гапиряпман. Тўғри бу ҳолат маҳалладан ташқарида бўлмоқда. Аммо, буни ичкиликка ружу қўйганини шу ердагилар (маҳалла масъуллари ва аҳолиси) билган. Лекин лоқайдлик қилган. Натижаси эса ўзингизга маълум. Вақт ортга қайтмаслигини барчамиз яхши биламиз. Биз бундан хулоса қилиб, бошқа ҳолатларни олдини олишимиз керак.
– Ҳар қандай мурожаат масала бўлиши мумкин эмас. Бекорга 4та сектор раҳбарини таклиф қилмадик. Нима масала бўлса айтинглар шаҳар миқёсида ҳал бўлмаса вилоят даражасида ҳал қиламиз.
Шунингдек, жиноят содир этган шахс, ҳудудий профилактика инспектори маҳалла раиси ва ушбу ҳудудга масъул бўлган раҳбарларнинг тушунтиришлари тингланди. Йиғилган маҳалла аҳлининг фикр ва мулоҳазалари, шу билан бирга мурожаатлари эшитилди.
Тафсилотга кўра, Чирчиқ шаҳар 3-кичик ноҳияда яшовчи 1984 йилда туғилган Ш.Х. маст ҳолатда шу ҳудудда яшовчи таниши 1977 йилда туғилган И.Х. (аёл) биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилиб турган вақтида уларнинг ўзаро суҳбати жанжалга айланган. Шундан сўнг, Ш.Х. уни уриб тан жароҳати етказган ва ҳодиса жойига ташлаб кетган. Натижада ушбу фуқаро олган тан жароҳатлари сабаб вафот этган.
Муҳокамада ҳудудий профилактика инспектори, масъул раҳбарлари ва маҳалла раиси расмий огоҳлантирилди.
Тоҳир Арипов, шунингдек, давлат раҳбари бежизга вазирлардан бошлаб қуйи раҳбарларгача ишларини «маҳаллабай» ташкил қилиш кераклигини таъкидламаётганини, бу каби ҳолатлардан хулоса қилиб, ҳар биримиз хонадон кесимида ишлашга ўтишимиз асосий вазифа эканлигини яна бир таъкидлади.
Масъулларга ҳудудни қўшимча ўрганиш ва мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Аввалроқ, вилоят ИИББ бошлиғи Ангрен шаҳрида содир этилган жиноят юзасидан муҳокама ўтказган эди.
ИИББ Ахборот хизмати