14 Январ 2021 йил 597

Ватан ичра кичик ватан муборак!

Бугунги айём – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Нурафшон шаҳри «Қумариқ» МФЙда жойлашган 3 та кўп қаватли уй, яъни 90 та хонадон Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи полковник Тоҳир Арипов бошчилигида ходимларга тантанали равишда топширилди.

Бош бошқарма бошлиғи хонадон соҳибларини ватан ҳимоячилари куни билан қутлаб, янги уйларда яхши кунлар бўлишини, бу ишлар ҳали бошланиши эканлигини таъкидлади ва ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доим тайёрлигини билдирди.

Рамзий калитлар топширилиб, тасмалар кесилди. Бош бошқарма бошлиғи шахсан ҳар бир ходимга хонадон калитларини топшириб, янги уй билан самимий муборакбот этди.

Раҳбарлар, шунингдек, хонадонлардаги шарт-шароитларни кўздан кечириш мақсадида подполковник Маъмура Абдуллаева хонадонида бўлишди. Бош бошқарма бошлиғи хонадон соҳибасини янги уй билан қутлаб, келгусидаги хизматларига зафарлар тилади.

– 17 йилдан буён Олмалиқ шаҳрида ижара уйда яшардим, -дейди Тошкент вилояти ИИББ Ташкилий бошқарма бош инспектори подполковник Маъмура Абдуллаева. Хизматга келиб кетишда ҳам бироз қийинчиликлар бор эди. – Энди бу ўйловларим ҳам ортда қолди. Бугун байрам муносабати билан янги уйли бўлдим. Гарчи ипотека кредити бўлсада, биз учун алоҳида имтиёз берилгани, арзонлаштирилгани ҳам бу жудаям яхши қўллаб-қувватлаш. Янги уйим, ишимга ҳам болаларим ўқишларига ҳам ҳар томонлама қулай бўлди. Мана бу байрамга ажойиб совға бўлди.

Фурсатдан фойдаланиб биз ҳам барча янги уйга эга бўлган ҳамкасбларга “Ватан ичра кичик ватан” муборак бўлсин деймиз.

ИИББ Ахборот хизмати

 

 

Text to speech