Ўтган йил давомида 4 100 нафардан ортиқ қоидабузар пиёдалар аниқланган
Ҳар тонг остона ҳатлаб кўчага чиқар экан, ҳар бир инсон энг аввало ишида барака бўлишини, қолаверса соғ-саломат уйига, оиласи, жондан азиз фарзандлари даврасига қайтишни ният қилади. Лекин, минг афсуслар бўлсинки фақат ният қилиш билангина яхшиликка, эзгуликка эришиб бўлмас экан. Бунинг учун қоидалар талабларини ўрганиш ва энг муҳими унга амал қилиш шарт.
Таҳлиллар йўл-транспорт ҳодисалари аксарият холларда ҳаракат иштирокчилари томонидан «Йўл ҳаракати қоидалари»ни бузиш оқибатида келиб чиқишини кўрсатади. Охир-оқибатда эса бу тузатиб бўлмас хатоликларга, айрим инсонларни ҳаётдан бевақт кўз юмишига, баъзи бирларини бир умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолишига олиб келади. Шу сабабли бугун асосий эътибор пиёдалар қоидабузарликларининг олдини олишга қаратилмоқда. Чунки, ёғаётган қор ҳам ҳаракат иштирокчиларидан йўлларда ўта масъулият билан ҳаракатланишни, қоидалар талабларини сўзсиз бажаришни талаб этади.
Жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирлар давомида пиёдаларни ҳушёрликка чорлаб, уларга хавфсиз юриш талаблари ҳам тушунтириб бориляпти. Қоидабузар пиёдалар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг аксарияти «Шошиб тургандим», «Билмай қолибман», деб ўз қилмишларини хаспўшлашга интилади. Улар назарида арзимасдек бўлиб кўринган бу хатолар пировардида жуда катта қурбонларга сабаб бўлувчи фалокатларни келтириб чиқариши мумкинлигини ўйлаб кўришмайди.
Кўза кунда эмас, кунида синади. Бахтсизлик хам кунда эмас, эҳтиётсизлик қилинган вақтда содир бўлади. Эртага нима бўлишини, бир соатдан сўнг қай аҳволга тушишини ҳеч ким билмайди. Шу сабабли ҳам қуйидаги рақамларга эътибор беринг.
Йилнинг ўтган даври мобайнида йўл патруль хизмати инспекторлари томонидан қоидабузарлик содир этган 4100 дан ортиқ пиёдалар тўхтатилди ва уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
«Пиёда-умринг бўлсин зиёда» деган шиор ҳозирги кунда ҳам энг долзарб, энг зарур шиорлардан бири бўлиб қолмоқда. Негаки, автомобиль йўлларини кўздан кечирар экансиз аксарият жойларда кексаю ёш, аёл эркак барча-барча кўчанинг автомобиллар юришига мўлжалланган қатнов қисмидан, ўзлари хоҳлаган жойидан, ҳаракатланиш хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиб кесиб ўтаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Бу эса улар иштирокида содир бўлаётган турли кўнгилсизликларнинг сонини ортиб боришига сабаб бўлмоқда.
Биз пиёдалар иштирокидаги қоидабузарликлар ҳақида қисман гапириб ўтдик. Зеро, ҳозир мақсад уларни буткул қоралаш эмас. Мақсадимиз уларни ҳушёрликка чақириш, «Йўл ҳаракати қоидалари»га қатъий амал қилиш хавфсизлик гарови эканлигини тушунтиришдан иборат.
ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати