Қўштирноқ ичидаги қаҳрамонларга суд ҳуқми ўқилди
28 январь куни ижтимоий тармоқларда ИИО ЙПХ хизмат автомашиналари олдида турли ахлоқсиз қилиқлар қилган шахсларнинг видео лавҳаси кенг тарқатилди ва турли баҳс мунозараларга сабаб бўлди.
Ушбу ҳолат юзасидан ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармаси Тошкент вилояти бўйича бўлими масъул ходимлари томонидан тезкор суруштирув ишлари ўтказилди ва ушбу шахслар аниқланиб, ушланди.
Аниқланишича, Сурхондарё вилояти ИИБ ходимлари хизмат сафари билан Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрига келган. Тунги вақтда дам олиш учун шаҳардаги меҳмонхона автотураргоҳида хизмат машиналарни қолдирган.
Орадан бироз вақт ўтиб, Олмалиқ шаҳрида яшовчи беш нафар шахслар: 1983 йилда туғилган Е.Ч., ва тўрт нафар 2003 йилда туғилган, вояга етмаган Б.М., Б.У., Б.Р., О.М., лар кўчада бемақсад юриб, меҳмонхона олдидан ўтиб кетаётганда жамиятда юриш туриш қоидаларини бузиб, хизмат автомашиналарига қарата уятсиз ва ножўя хатти-ҳаракатларни содир этган ва ушбу ҳолатни видеотасвирга олиб ижтимоий тармоқларига жойлаштирган.
Мазкур ҳолат ўз хавфсизлик бўлими ходимлари томонидан тўлиқ назоратга олиниб, қонуний чора кўрилиши таъминланди.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, воқеада иштирок этган 38 ёшли Е.Ч. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган-деб, топилиб, Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг 29 январь кунидаги қарорига асосан, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, вояга етмаган тўрт нафар фуқаронинг хатти-ҳаракатлари “Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия” томонидан муҳокама этилди.
Уларни тунги вақтларда кўча-куйда бемақсад юришига шароит яратиб берганлиги ҳамда тарбияси билан жиддий шуғулланмаганлиги натижасида юқоридаги салбий ҳолатлар юз беришига сабабчи бўлганлиги учун, ота-оналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 3 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Ўз навбатида, ИИО ходимларига хизмат автомашиналарини тунги вақтларда кўчада қаровсиз қолдирмаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, расмий равишда огоҳлантириш берилди.
ИИББ Ахборот хизмати