10 Октябр 2020 йил 822

Ўртасаройда карантин қоидаларини бузиб, таваккалчиликка асосланган хўроз ўйинлари ташкил қилган 120 дан ортиқ шахсларга чора кўрилди

Жорий йилнинг 9 октябрь куни соат тахминан 00:30 ларда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани «Ўртасарой» МФЙ ҳудудида жойлашган от фермасида карантин қоидалари кўпол равишда бузилиши ва кўпчилик йиғилиб, таваккалчиликка асосланган ноқонуний хўроз ўйини ташкил этилаётгани аниқланган.

Шундан сўнг, вилоят ички ишлар органларининг тунги хизматга жалб этилган ходимлари, бош бошқарма тезкор хизматлари, ППХ ҳамда тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларидан иборат махсус гуруҳ тузилади ва воқеа жойига борилади.

У ерда ҳақиқатдан ҳам 100 нафардан ортиқ фуқаролар иштирокида таваккалчиликка асосланган хўроз ўйини ташкил этилганлиги, воқеа жойида карантин қоидаларини қўпол равишда бузилганлиги, шунингдек, ферма ҳовлисида хизмат кўрсатаётган ноқонуний савдо шахобчасида истеъмол учун олиб келинган маҳсулотлар мутлақо санитария қоидаларга жавоб бермаслиги аниқланган.

Шундан сўнг тадбир ходимлари томонидан ўйинларда иштирок этаётган жами 124 нафар шахслар қўлга олинган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ўйин учун олиб келинган хўрозлар далилий ашё сифатида олинган.

Бундан ташқари, ушбу шахслар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг
54-моддасини қўпол равишда бузганликлари учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча суруштирув олиб борилмоқда.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech