Қулай шароит, замонавий хизмат – самарадорлик гарови
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг, 250-300 кишига хизмат кўрсатадиган замонавий типдаги янги биноси фойдаланишга топширилди. Бинони расман Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Азиз Ташпулатов очиб берди.
Бугун, 10 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда аҳолига бир қатор қулайликлар яратиш мақсадида, Чирчиқ шаҳри ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг янги биноси иш бошлади. Шу муносабат билан тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, вилоят ИИББ бошлиғи ва бош бошқарма шахсий таркиби, фахрийлар ва маҳалла фаоллари ҳамда шаҳар аҳолиси иштирок этди. Дастлаб, Вазир ўринбосари иштирокида янги бинонинг расмий очилиш тасмаларини кесилиб, рамзий калит топширди.
Тадбирда сўзга чиққан Вазир ўринбосари замонавий, барча қулайликларга эга ушбу янги бино билан шаҳар аҳолисини ва шахсий таркибни табриклаб, қабул қилинган соҳага доир тегишли тегишли ҳужжатлар асосида ички ишлар тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли аҳолининг тинчлик ва хавфсизлигини таъминлашда, фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишнинг изчил тизими яратилганлиги таъкидлади.
– Давлатимиз раҳбари мурожаатномада келтириб ўтганларидек, ички ишлар органлари ҳақиқий халқчил идорага айланиши керак, -дейди Вазир ўринбосари. – Бунинг учун биз албатта биринчи ўринда халқимизни рози қилишимиз керак. Қачонки халқимиз, давлат органлари ва ходимларидан рози бўлса, эртанги кунига ишончи ортиб, тўкин ва фаровон ҳаёт кечириши учун мақсадлар қўяди. Бугунги фойдаланишга топширилган бино ҳам, олиб борилаётган ислоҳотлар давомидир. Бу ерга мурожаат билан келган ҳар бир фуқаро, яратилган шарт-шароитлар ва кўрсатилган хизматдан кўнгли кўтарилиб, рози бўлиб кетиши керак. Барчангизни яна бир бор ушбу замонавий янги бино очилиши билан қутлайман.
Вилоят ИИББ бошлиғи сўзга чиқиб, янги бинонинг очилиши билан қутлади. Йиғилганларга вилоят ички ишлар органлари фаолиятида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништириб, мазкур бино Чирчиқ шаҳри мисолида бошланиши бўлаётган бўлса, босқичма босқич барча биноларимиз шу каби замонавий кўринишда бўлади, деб таъкидлаб ўтди.
– Халқ ишончига сазовор бўлса, ҳалол ишласа, давлатимиз раҳбари томонидан яратилган бу каби шарт-шароитларга муносиб фаолият олиб борса, мазкур бўлимда хизмат қилаётган ходимлар орасидан генераллар чиқиши керак, мен бунга тилакдошман ва ишонч билдираман, -дейди бош бошқарма бошлиғи полковник Тоҳир Арипов.
Соҳа қачон ривожланади? Қачонки, тизим малакали кадрлар билан жамланган, ходимларнинг фаолият кўрсатиши учун барча шароит яратилган ҳамда моддий-техник база мустаҳкам бўлса.
– Мазкур янги замонавий қисқа фурсатда, замон талабларига тўла жавоб берадиган даражада бунёд этилди. Катта ва кўркам кутиш зали, биометрик ва хорижий паспортларни расмийлаштириш учун алоҳида сўнги техникалар билан жиҳозланган махсус хоналар, шу жойнинг ўзида болалар майдончаси, зарур маълумотлар жойлаштирилган ҳуқуқ ахборот бурчаги ва электрон навбат тизими ҳамда сайёр кассалар мавжуд, -дейди мазкур бўлим бошлиғи подполковник Фарруҳ Исоқов.
– Янги бинонинг қуриб битказилиши нафақат ходимлар, балки фуқаролар учун ҳам бир қатор қулайликларни яратди. Маскан кунига 250-300 нафар фуқароларни прописка, рўйхатдан ўтиш, паспорт олиш ва бошқа кўплаб масалалар юзасидан қабул қилиш имкониятига эга.
Олдин бу жараён фуқароларга бир мунча ноқулайликлар ва ортиқча вақтларини олишига сабаб бўлар эди. Яна бир эътиборли жиҳати, фуқароларга умумий хонада хизмат кўрсатилиши. Ходимлар фаолиятининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш билан бирга, аҳоли ўртасида турли нотўғри фикрлар келиб чиқиши ва коррупция ҳолатларининг олди олинишига замин яратади.
– Ходимларга қулай иш шароитларининг яратилиши уларнинг самарали ишлаши учун муҳим аҳамиятга эга, – дейди ички ишлар органлари фахрийси. – Аммо бизлар туман ички ишлар бўлимида ишлаган давримизда бундай шароитлар йўқ эди. Давлатимиз эътибори билан яратиб берилган қулай шароитлар жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бинонинг очилиш маросимида Вазир ўринбосари ва тадбир иштирокчилари бу ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Шунингдек, табдир давомида Вазир ўринбосари ва ИИББ бошлиғи фуқаролиги бўлмаган шахсларга, паспорт олиш ёшига етган йигит-қизлар биометрик ва бир гуруҳ фуқароларга хорижга чиқиш паспортларини тантанали равишда топширди.
– Ҳар бир иш остонадан бошланади. Кириб келишим билан менда бошқача кайфият ва ҳис пайдо бўлди, -дейди Турсуной Гулямова. – Сабаби, бу ерда яратилган қулай шарт-шароит. Хорижга чиқиш паспортимни олишга келгандим, ўн кунга қолмай тайёрлаб беришди. Ариза топширган бином, ўрта меъёрдаги бино эди. Буни қарангки, бугун кўз танимас даражадаги кўркам бинода паспорт олиш билан бирга очилиш маросимида иштирок этяпман. Мен учун яна бир шараф, паспортимни шахсан Ички ишлар вазир биринчи ўринбосари томонидан олганим бўлди. Буларнинг барчаси учун президентимизга ва ички ишлар органлари раҳбариятига раҳмат айтаман.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар асосини аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, ҳар жиҳатдан қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш мақсади ташкил этади.
Бир сўз билан президентимиз таъбири билан айтганда, «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак».
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати