Тунги хизматни ўтаётган ППХ ходимлари жиноятни фош қилди
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 21 июнь куни Тошкент вилояти ИИББ 2-минтақавий ҳудуд пост-патруль хизмати ходимлари Жасур Мадалиев ва Отабек Бегимовлар Олмалиқ шаҳри 5 даҳа ҳудудида тунги хизматни ўтаётган вақтида, ходимлар эътиборини шу ҳудудда турган Nexia автомашинасидаги 5 нафар шахслар тортади. Ходимлар ушбу шахслардан нима мақсадда бу ерда турганликлари ва ўзларини таништиришларини сўрайди.
Улар эса ўзларини – 1991 йилда туғилган Баҳодир Қ., 1991 йилда туғилган Суннатулла А., 1994 йил туғилган Муҳриддин М., 1983 йилда туғилган Акмал Н. ва 1992 йилда туғилган Рўзимат Т.лар эканлигини ва уларнинг икки нафари Пискент туманида жойлашган қўшма корхонада ишлаши маълум қилади.
Ўтказилган суҳбат ва суруштирув давомида автомашина юкхонасида корхонадан яширин равишда олиб чиқилган 2 дона редуктор ва 2 дона генератор борлиги аниқланади ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ИИБга олиб келинади.
Дастлабки маълумотга кўра, улар ўтган 20 кун мобайнида корхона биносидан жами 61 млн сўмлик турли ускуналарни (4 дона 17 млн 172 минг сўмлик двигатель, 2 дона 11 млн 448 минг сўмлик редуктор, 2 дона 2 млн 692 минг сўмлик хавфсизлик машинаси, 3 дона 29 млн 733 минг сўмлик катта-кичик пайвандлаш ускунасини) яширин равишда қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Пискент туман ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «б,в,г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИББ Ахборот хизмати