26 Июл 2022 йил 710

Тошкент вилоятида 130 кг гиёҳванд моддалар ва 30 минг кучли таъсир қилувчи дори воситалари айланмасига чек қўйилди

Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизим ходимлари томонидан вилоят ҳудудида жиноятчиликни барвақт олдини олиш, жиноятларни иссиқ изида фош этиш ҳамда ҳудудларда ижтимоий муҳитни яхшилаш юзасидан бир қатор тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Жумладан, ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси, "Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш" бўлими ҳамда соҳавий хизмат ходимлари томонидан “Қора дори-2022” тезкор-профилактик тадбирларининг биринчи босқичида таркибида гиёҳванд моддалар бўлган ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ 112 та ҳолат аниқланиб, 1 996 м2 ер майдонидаги кўкнор, каннабис ва ёввойи наша каби гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинган. Ушбу тадбир давомида гиёҳвандлик воситаларини сотиш ва сақлаш билан боғлиқ жиноятлар фош этилиб, 58 кг дан ортиқ гиёҳванд моддалар айланмасига чек қўйилди.

Мазкур тадбирлар давомида йилнинг ўтган 6 ойида жами 136 кг дан ортиқ наркотик моддалар муомаладан олинган. Ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда жиноят ишлари қўзғатилган.

Шу каби, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жами 28 та жиноий ҳолат аниқланиб, “қора бозорда”ги нархи тахминан 2 млрд сўмга тенг бўлган жами 29 289 дона ёки (психотроп ва кучли таъсир қилувчи) дори воситалари муомаладан олинишига эришилди.

Ҳозирда ИИББ томонидан вилоят ҳудудида гиёҳвандликнинг ҳар қандай турига қарши кескин ва муросасиз курашишга қаратилган назорат-рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech