2 Март 2021 йил 516

Тошкент вилоятида «зарбдор ойлиги» доирасида амалга оширилаётган тадбирлар юзасидан

Ҳозирда Тошкент вилоятида ўтказилаётган «зарбдор» тезкор-профилактик ойлиги доирасида вилоят ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан аввал содир этилган жиноятлар фош этилиб, аниқланган жиноятларга қонуний чора кўрилиши таъминланяпти.

Жумладан, Оҳангарон туман ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан олиб борилган ишлар натижасида, жорий йил бошида Гулобод МФЙ ҳудудидан тахминий нархи 25 млн сўм бўлган 2 бош буқани ўғирлаган шахслар, 26 февраль куни қўлга олиниб, жиноят фош этилди. Улар, Юқори Чирчиқ туманида яшовчи (1986 йилда туғилган Миракмал Х., 1998 йилда туғилган Анвар Н., 1998 йилда туғилган Мухриддин П., 1989 йилда туғилган Ақлбек Б. ва 1989 йилда туғилган Нурболат К.) беш нафар шахслар эканлигини аниқланиб, гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, 24 февраль куни Бекобод тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Бекобод туманини Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудуди дала майдонида номаълум шахслар томонидан 9 дона пакетларга ўралган ҳолда ташлаб кетилган вазни 3 кг 717 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди.

Шу каби «зарбдор ойлиги» доирасида Ангрен шаҳрида ўтказилаётган тадбир давомида шаҳар 5 даҳада яшовчи 1960 йилда туғилган Адҳам А. ўз уйига 1989 йил туғилган Д.М. (эркак) ва 2002 йил туғилган Д.Н. (аёл)га 100 минг сўм пул эвазига жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб берганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Чирчиқ шаҳарида ўтказилаётган тадбирлар давомида Ўзбекистон Республикасининг ЖКнинг 169, 165 ва 227-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун бир йилдан буён Андижон вилоятида қидирувда бўлган шахс ушланган бўлса, Нурафшон шаҳри, Зангиота ва Бўстонлиқ туманларида ЖКнинг 226, 270 ва 169-моддаси билан қидирувда бўлган уч нафар шахс ушланиб, қонуний чора кўрилди.

Ушбу жиноятларни Тошкент вилояти бўйича оладиган бўлсак “зарбдор ойлиги” доирасидаги ўтган бир ҳафта давомида Оҳангарон, Янгийўл, Олмалиқ шаҳри ва Юқори Чирчиқ туманида аввал содир этилган 7та жиноят тезкор ходимлар томонидан фош этилди.

Шунингдек, гиёҳвандлик билан боғлиқ 10та, талончилик 2та, ўғирлик 3та, қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш 3та, ноқонуний валюта айрибошлаш, қимор ва таваккалчилик ўйинлар билан боғлиқ биттадан жиноятлар этилганлиги аниқланган. Ходимлар томонидан ушбу жиноятларнинг барчаси иссиқ изидан фош этилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган. Шу билан бирга жиноят содир этиб, қидирувда бўлган 8 нафар шахс ушланиб, бедарак йўқолган 3 нафар шахс яшаш манзилларига қайтарилган.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech