Тошкент вилоятида ўрнатилган фоторадарлар 15 кунда 16 мингга яқин қоидабузарлик қайд этди
Жорий қилинган карантин чекловлари ҳамда ЙПХ ходимлари томонидан олиб борилаётган тарғибот тушунтириш ишлари, шунингдек, йўлларда транспорт воситалари ҳаракати камайишига қарамасдан 10 июль кунидан ўтган 15 кун мобайнида 15 859 та тезликни меъёридан ошириш ҳолати махсус автоматлаштирилган фоторадарлар орқали қайд этилган. Уларга нисбатан тегишли тартибда онлайн баённомалар расмийлаштириб, почта орқали яшаш манзилларига юборилган.
- Ушбу ҳолатлар ичида тезликни ўта меъёридан ошириб юборган ҳайдовчилар ҳам бор, -дейди вилоят ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати раҳбари катта лейтенант Рустам Асқаров. -Мисол учун, 10 июль куни Malibu-2 автоулови Ўрта Чирчиқ туманидан ўтувчи А373 автомобиль йўлида 70 км/соат белгиланган жойда 133 км/соат тезлик билан, 11 июль куни Mersedenz G63 автоулови Юқори Чирчиқ туманидан ўтувчи 4Р12 автомобиль йўлида 70 км/соат белгиланган жойда 135 км/соат тезлик билан, худди шунингдек, шу куни Lacetti автоулови мазкур автомобиль йўлидан 145 км/соат тезлик билан ҳаракатланганликлари қайд этилган. Умумий ҳолатда 16 мингга яқин ҳолатнинг 30 фоиздан ошиғини 110 км/соат тезликдан юқори бўлганлари ташкил этади. Бу каби мисолларни қайт этилганидек 15 мингдан ортиқ келтиришимиз мумкин бу фақатгина 15 кунлик ҳолат. Аммо, яна бир маълумотни шу ўринда келтириш жоизки, июль ойининг ўтган даври мобайнида 23 та ЙТҲга тезликни меъёридан ошириш сабаб бўлган. Бунинг оқибатда фуқаролар саломатлигига ва автотранспортларга турли даражада зарар етган.
Эслатиб ўтамиз, тезликни меъёридан ошириш Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128-3-моддасига асосан, БҲМнинг 1 баробаридан 9 баробаригача жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин. (БҲМ - ҳозирда 223 000 сўм)
Ҳурматли ҳайдовчилар! Ушбу жорий қилинган вақтинчалик чекловлар, карантин тадбирлари, қолаверса, йўлларда ўрнатилган тартиб-қоидалар, аввало ўзингиз ва яқинларингиз саломатлиги ва хавфсизлиги учун эканлиги учунманг. Карантин ҳамда йўл-ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилинг. Ўзингиз ва бошқаларни асранг.
ИИББ Ахборот хизмати