11 Декабр 2020 йил 688

Тошкент вилоятида юк автомобиллар оғирлиги ва кенглигини назорат қилувчи кўчма тарози фаолияти йўлга қўйилди

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомобиль йўллари тармоғини сақлаш, автомобиль транспортининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, автомобиль йўлларида катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланишида вазн ва ҳажм параметрларини самарали назорат қилишни ташкил этиш орқали автомобиль йўлларининг таъмирлаш муддатларгача бузилишининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 май куни «Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилишни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан республика давлат чегаралари орқали ўтказиш пунктларида ва автомобиль йўлларида хорижий ва миллий транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш тартиблари белгиланди.

Ҳозирги кунда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида вазн ўлчовчи кўчма тарози фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу тарози М-39 халқаро автомобиль йўлида юк олиб кетаётган барча турдаги юк автомобилларининг оғирлиги белгиланган меъёрий ўлчовларга мос келишини назорат қилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, тарози ёрдамида транспорт воситаларига ортиқча юк ортилганлиги ёки транспорт воситаларининг ҳар бир ўқига тушадиган ортиқча юк оғирлиги аниқланган тақдирда белгиланган тартибда вазнни барқарорлаштириш ва қонуний чора кўриш амалга оширилади.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech