Тошкент вилоятида бир кунда 200 га яқин карантин қоидаларини бузган ҳайдовчилар аниқланди
Хабар берганимиздек, Тошкент вилояти ИИББ томонидан коронавирус (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш мақсадида кучайтирилган карантин тадбирлари олиб борилмоқда.
ЙҲХБ ходимлари томонидан, вақтинчалик чекланган чекловлар, қайта тикланган қатъий карантин қоидаларига амал қилишлари юзасидан ҳайдовчилар, фуқаролар 3 кун давомида (10 июльдан 12 июльгача) расмий огоҳлантирилган бўлса, уларга нисбатан жарима қўлланилмаган.
Афсуски, ушбу огоҳлантириш олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ҳамда республика бўйлаб кўрилаётгани чораларга қарамай, ҳамон ушбу қоидаларга амал қилмай ўзининг ва ўзгаларнинг саломатлигини, ҳаётини хавфга қўювчи фуқаролар учраб турибди.
ЙПХ инспекторлари томонидан биргина кеча 14 июль куни карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ 172 та ҳолат аниқланган ва тегишли тартибда чора кўрилган.
Кучайтирилган карантин тадбирлари олиб борилишига қарамай, касаллик тугул, турли кўнгилсизликларни келтириб чиқарувчи, ЙТҲларига асосий омил бўлувчи, автоуловларни маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ 5 та ҳолат аниқланган.
Шу ва бошқа турдаги қоидабузарликлар юзасидан бир кунда 517 та автотранспорт воситалари жарима майдонига қўйилган.
Шу ўринда фуқаролар ва ҳайдовчилардан сўраб қоламиз.
Ҳурматли юртдошлар! Жорий қилинган вақтинчалик чекловлар ва қатъий карантин аввало ўзингиз ва яқинларингиз, қолаверса ҳар бир фуқаромиз саломатлиги ва хавфсизлиги учундир. Қоидаларга амал қилишга ҳозирда барчамиз бирдек масъул ва мажбурмиз. Барчасини тўғри тушунган ҳолда ҳар бир инсон саломатлиги учун белгиланган тартиб қоидаларга қатъий амал қилинг. Шундагина биз, сиз-у биз, халқимиз учун коронавирусга қарши курашаётган, шифокордан бошлаб ҳар бир ИИОлари ва бошқа масъул ходимларнинг саломатлигини асраган ва машаққатли хизматларига оз бўлса-да ҳисса қўшган бўламиз.
ИИББ Ахборот хизмати