Тошкент вилоятида 200 дан ортиқ профилактика инспекторлари ва жамоатчилик вакиллари тақдирланди
Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Азиз Ташпулатов иштирокида, вилоят ички ишлар органлари сафида хизмат қилиб, муносиб ўрнак кўрсатган таянч пунктлари профилактика инспекторлари, маҳалла раислари ҳамда фаолларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маълумки, жорий йилнинг 1-10 февраль кунига қадар Ички ишлар вазирининг фармойиши асосида тузилган ишчи гуруҳ томонидан, вилоят ички ишлар органлари тезкор хизмат фаолиятини ўрганиш ва мавжуд камчиликларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўрганилди.
Ўрганишлар давомида камчиликлар билан бирга эришилган ютуқлар Вазир ўринбосари томонидан эътироф этилиб, муносибларга мукофотлар топширилди.
Тадбирда, вилояти ИИББ бошлиғи ва ўринбосарлари, Миллий гвардия Тошкент тактик гуруҳи раҳбарияти, жамоатчилик ва 300 дан ортиқ ИИО ходимлари иштирок этди.
Тадбир анъанага мувофиқ, байроқдор гуруҳнинг шахдам қадамларида “Жангавор байроқ” олиб кирилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграши билан бошланди.
– Республика миқёсида умумий жиноятлар 6 фоизга, Тошкент вилояти миқёсида эса 6,8 фоизга камайган, шунингдек, жиноят қидирув йўналиши бўйича эса 14,1 фоизга камайган, -дейди тадбирда сўзга чиққан вазир ўринбосари. – Вилоятда ҳудуди бўйлаб “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз хонадон” лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар доирасида тунги вақтларда автопатруллик йўналишлари ташкил этилганлиги ижобий самарасини бериб келмоқда.
Таъкидлангани каби ижобий ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшаётган ИИО таянч пунктларининг 213 нафар профилактика инспекторлари ва уларнинг 100 нафар ёрдамчилари, 22 нафар маҳалла раислари, 22 нафар хотин-қизлар оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар ИИББ томонидан пул мукофотлари ажратилиб, рағбатлантирилди. Вазир ўринбосари мукофотларни тантанали топшириб, уларни самимий қутлади.
Юртимизда барқарорликни таъминлаш, фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги эзгу ва шарафли ишларида улкан зафарлар ёр бўлишига тилакдошлигини билдирди.
Тақдирлаш тадбири сўнгида, ички ишлар органлари ходимларининг тунги хизматга жалб этиладиган махсус авто-мототранспорт воситаларининг намунавий кўргазмали юришлари намойиш этилди.
ИИББ Ахборот хизмати