2 Декабр 2020 йил 474

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБнинг ҳайдовчилар ва йўл ҳаракати иштирокчиларига мурожаати

Барчамизга маълумки қонун ва қонун ости ҳужжатлари билан жарималар белгилаш ва уларни ундириш тартибга солинган.

Аммо, қоидабузарлик содир этган йўл ҳаракати иштирокчилари, айниқса, ҳайдовчиларнинг аксарият қисми кечиктириб ёки суднинг аралашуви билан белгиланган жарималарни тўлаётган бўлса, айримлари йил давомида содир этган 40 га яқин қоидабузарлиги учун тўловдан яшириниб юрганликлари ҳам аниқланган.

Ҳурматли фуқаролар!

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 332-моддасида “Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан 60 кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган ҳолларда эса, шикоят ёки протест қаноатлантирилмай қолдирилганлиги тўғрисида хабар берилган кундан эътиборан 30 кундан кечиктирмай тўлаши керак”лиги белгиланган.

Агар, ҳайдовчи унга нисбатан белгиланган жаримани ўз вақтида ёки умуман тўламаса қандай чора кўрилади?

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 291-моддаси 3-қисмига кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан 60 кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбарининг ёзма кўрсатмасига биноан, жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар ушлаб турилишига сабаб бўлади.

Бундай ҳолларда ҳайдовчининг оворагарчилиги яна ортади. Белгиланган жаримадан ташқари транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонида турганлиги учун ҳам қўшимча тўловни амалга оширади.

Аммо, қонунчиликка кўра фуқаролар учун бу борада имтиёз ҳам берилган.

Яъни, МЖтКнинг 332-1-моддасига кўра, ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади (мустасно ҳолатлар ҳам мавжуд).

Масалан: БҲМнинг 3 баробари (ҳозирда 669 000 сўм) миқдоридаги жариманинг 70 фоизи (468 300 сўм) белгиланган муддат ичида тўланса, бунда 30 фоиз маблағ (200 700 сўм) тежаб қолинади.

Барча йўл ҳаракати иштирокчиларини, айниқса, ҳайдовчиларни фаолликка чорлаб, қоидабузарликларга белгиланган жарималарни ўз вақтида тўлашларини сўраймиз.

ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати

 

 

Text to speech