Тошкент вилояти ИИББ бошлиғининг хотин-қизларга байрам табриги
Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамкасблар!
Азиз опа-сингиллар !
Сизларни ва сизлар орқали барча ички ишлар органлари ходим ва хизматчиларини, хизматни ўташ даврида ҳалок бўлган ходимларнинг яқинларини ва фахрия аёлларимизни «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни» билан самимий муборакбод этаман.
Муҳтарам президентимизнинг «Аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз – биз учун ота-боболаримиздан ибратли меросдир» – деб айтган сўзларини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Зеро, аёлни, онани асраш дегани – бу фарзандларни асраш, охир-оқибатда миллатни асраш демакдир.
Чиндан ҳам, тарихимиз ва бугунги кунимизга чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, бу таъриф замирида асрлар, минг йиллар давомида ҳаётимизда тоғдай таянч ва суянч бўлиб келаётган аёл сиймосига мансуб буюк ҳақиқат мужассам эканлигини англашимиз қийин эмас.
Мен фурсатдан фойдаланиб, нафақат бугунги кунимизни, айни пайтда келажагимизни ҳам белгилаб берадиган бир фикрни, яъни аёлларга қанча ғамхўрлик қилмайлик, баридир уларнинг олдида ҳамиша қарздормиз деган фикрни таъкидламоқчиман.
Қадрли опа-сингиллар!
Вилоятимиз ички ишлар органлари тизимларида халқ осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш борасида биз билан елкама-елка туриб хизмат қилаётган муҳтарама опа-сингилларимизни, фахрия аёлларимизни ўз номимдан ва барча вилоят ички ишлар органлари ходимлари номидан яна бир бор самимий табриклайман.
Ҳамиша эзгулик ва шафқат, меҳр оқибат ва садоқат тимсоли бўлган сиз азизларни қутлар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу – барака тилайман. Бахт-омад ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин.
Тоҳир АРИПОВ,
Тошкент вилояти
Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи в.б.,
полковник