14 Ноябр 2020 йил 637

Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи Қуйи Чирчиқда сайёр қабул ўтказди

Унда аҳолининг 50 га яқин мурожаатлари тингланди, уларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ҳал этилди.

Бугун, 14 ноябрь куни вилоят 3-сектор ИИББ бошлиғи полковник Тоҳир Арипов Қуйи Чирчиқ туманидаги Маданият саройида туманнинг Ибрат, Чинобод, Беруний, Абай, Хўжапискент хамда Мевазор маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди ва уларнинг мурожаатларини тинглади.

Қабулда вилоят ИИББ бошлиғи, туман ҳокими, тегишли масъуллар ҳамда 40 га яқин фуқаролар иштирок этди.

Сектор раҳбари томонидан аҳолининг бандлик, уй-жой, сув, газ ва электро-энергия, уй-жой кадастр, соғликни сақлаш, кредит маблағлари ва бошқа мазмундаги ҳар бир мурожаати бўйича алоҳида масъул бириктирилди. Муаммоларнинг ижобий ечими юзасидан 7-10 кунлик муддатлар белгилаб берилди. Ўнга яқин мурожаатлар эса, шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Жумладан, Беруний МФЙ да жойлашган кўп қаватли уйнинг том қисми қиш мавсумига тайёр эмаслиги, ички кўчаларга шағал ётқизиш ва йўлларни ёритиш ишлари тугалланмаганлиги, мавжуд уй-жойлар билан боғлиқ 20 йиллик муаммолар, уйни давлат рўйхатидан ўтказиш, шу билан бирга, ипотека уй-жойларидан олиш ва бандлик масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, Беруний МФЙ да вояга етмаган икки нафар фарзанди билан ижара уйда яшаётган Гулшода Худойберганованинг мурожаатига жавобан, вилоят 3-сектор раҳбари маҳалла ҳудудида қурилаётган янги уйнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш орқали фуқарони уй-жой билан, доимий иш билан таъминлаш, соғлигини тиклаш билан боғлиқ муаммоларини ўз назоратига олганлигини ва ижобий ҳал этилишини таъкидлади.

Ҳозирда 2800 дан ортиқ аҳоли яшайдиган Хўжапискент МФЙ вакиллари маҳалла ҳудудига тиббий хизмат кўрсатувчи пункт жорий қилиш лозимлиги, шунингдек, ўрта мактабни таъмирлаш, болалар боғчаси қуриш зарурати, кўчаларга шағал ётқизиш ва газ таъминотидаги узилишларга барҳам бериш масалалари юзасидан мурожаат қилди.

Қабул давомида Тоҳир Арипов мураккаб пандемия шароитида энг асосийси, фуқаролар соғлигини асраш ва шу билан бирга уларнинг бандлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлади.

ИИББ раҳбари шунингдек, фуқароларнинг доимий ёки мавсумий иш ёки маълум бир тадбиркорлик билан банд бўлиши - оиладаги баъзи моддий ва бошқа муаммолар келиб чиқишининг олдини олиши, энг муҳими, аҳолини боқимандалик кайфиятидан чиқаришини айтиб утди.

Тоҳир Арипов ҳар қандай мурожаатни қонуний ўрганиш, аҳолига амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдириб, вилоят, туман бандликка кўмаклашиш ва банк тизими масъулларига алоҳида топшириқлар берди.

Шунингдек, йўллардаги ЙТҲларнинг олдини олиш юзасидан ички кўчаларга йўл белгилари ўрнатиш, шу билан бирга кўчаларни асфальт қилиш ва ҳудудларга жамоат транспорти қатновини жорий қилиш бўйича ҳам мурожаатлар кўрилди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech