1 Сентябр 2020 йил 849

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг байрам табриги

Ҳурматли ҳамкасблар!

Сизларни, Сизлар орқали Тошкент вилоятининг барча Ички ишлар органлари ходимларини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида юртимизда Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртимизни иқтисодий-ижтимоий тараққиётини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли, давлатимиз раҳбарияти томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Ушбу Стратегия асосида биз ўтган йил давомида мамлакатимиз ҳаётининг бошқа тармоқлари қаторида вилоят ички ишлар органларининг замонавий техника ва технология билан таъминлаш, бино-иншоотларни қуриш, таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди. Замонавий кўринишдаги барча ахборот-коммуникация тармоқларига эга бўлган Ички ишлар бўлим ва бўлинмалари очилишига эришилди.

Қадрдон юртни ҳимоя қилишдек муқаддас ишга дахлдорлик, жанговар биродарлик ҳиссини англаб етиш - буюк халқнинг асл фарзандини она Ватаннинг шони ва шарафи тимсолига айлантиради.

Зеро, «Дунёда Ватан сўзидан азиз ва юракка яқин калом топилмагани каби, Ватан ҳимоячиси бўлишдан ортиқ шон-шараф ҳам йўқдир».

Бугунги байрам кунида Сизларнинг хизмат фаолиятингиз давомида амалга оширган ва ошираётган ишларингиз йиллар давомида ички ишлар органларининг обрўси ва нуфузини оширишга катта ҳисса бўлиб қўшилганини алоҳида таъкидлашни зарур деб биламан.

Айниқса, бугунги коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазиятда ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга қарамай хизмат бурчини шараф билан адо этаётган ички ишлар тизимининг барча тузилма ва бўғинларида самарали фаолият кўрсатиб келаётган ходимларимизнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқ.

Айнан сизнинг саъй-ҳаракатларингиз билан мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва қудрати мустаҳкамланиб, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти таъминланмоқда.

Ўз бурчига, ватанига садоқатли, халқ каби, жамият ва давлат манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган сиз фидойи инсонларни ватанимиз, эл-юртимиз ва халқимиз доимо юксак қадрлайди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман «1 сентябрь - Мустақиллик куни» байрами муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан ички ишлар органлари ходимларининг кеча-ю кундуз, олиб бораётган хизматларини муносиб рағбатлантириш мақсадида, Тошкент вилояти ички ишлар органлари ходимларининг бир нафарига «Мардлик», бир нафарига «Шуҳрат» икки нафарига «Содиқ хизматлари учун» кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.

Биргина шулар каби бизнинг сафимизда хизмат қилаётган ватанпарвар, фидойи, жасоратли ва мард ходимларимизнинг борлиги барчамизни ҳақли равишда ғурурлантиради.

Яна бир бор барчангизни истиқлолнинг 29 йиллик байрами билан муборакбод этиб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, узоқ умр, оилавий тотувлик, дастурхонингизга тўкинлик ва қут-барака тилайман.

Машаққатли ва шу билан бирга шарафли хизматларингизда улкан зафарлар ёр бўлсин.

Тоҳир Арипов,

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, полковник

Text to speech