29 Март 2021 йил 761

Профилактика инспекторлари мурожаатларни электрон қабул қилади

Маҳаллаларда профилактика инспекторларининг иш самарадорлигини ошириш мақсадида бугун 29 март куни Тошкент вилояти ИИББ масъуллари томонидан бир гуруҳ профилактика инспекторларига замонавий компьютер жамланмалари тақдим қилинди.

– Маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш борасида асосий масъулият профилактика инспекторига юкланиши барчамизга маълум, -дейди ҲПБ бўлим бошлиғи, подполковник Хуршид Барноев. -Давлат раҳбарининг ИИО тизимларини рақамлаштириш, соҳада замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича берган топшириқларини чуқур англаган ҳолда, аниқ режалар белгиланган. Ушбу режаларга мувофиқ, барча инспекторларга босқичма-босқич намунавий шароитлар яратилади. Жумладан, бугун ҳам 60 нафар инспекторга замонавий компьютер жамланмаси берилган бўлса, яқин орада қолганларини ҳам таъминлаймиз.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 12 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББга ташрифи давомида «Ҳозир ҳамма телефонда, ижтимоий тармоқларда. Одамларни ички ишлар бўлимига чақирадиган ёки қоғоздаги мурожаатини кутиб ўтирадиган замон ўтиб бўлди. Энди туман ва шаҳар бошқармасини маҳалла билан боғлайдиган, одамлар билан онлайн мулоқот қиладиган дастурий маҳсулот яратиш керак. Бутун ички ишлар тизими ахборот технологиялари асосида ишлаши зарур» дея таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, яқинда эълон қилинган Президент Фармонига кўра, профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш имконини берувчи «Smart маҳалла» ахборот дастури ишга туширилиши белгилаб берилган.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech