“Тергов фаолияти” мутахассислиги бўйича ҳарбийлаштирилган таълим йўналишига ўқишга қабул қилиш бўйича эълон
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси “Тергов фаолияти” мутахассислиги бўйича ҳарбийлаштирилган таълим йўналишига 2024/2025-ўқув йили учун ўқишга ҳужжат топшириш истагида бўлган, Тошкент вилоятида доимий рўйхатда туриб, яшаб келаётган, ёши ўн еттидан кичик (қабул йилида ўн етти ёшга тўладиганлар) ва йигирма бешдан катта бўлмаган умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал маълумотга эга фуқаролар, жорий йилнинг 1 февраль кунидан 1 март кунига қадар Тошкент вилояти ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматига мурожаат этишлари мумкин.
Бунда, эркак номзоднинг бўйи 165 сантиметрдан, аёл номзоднинг бўйи 160 сантиметрдан паст бўлмаслиги талаб этилади.
Номзодлар жорий йилнинг 1 февралидан 1 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус электрон платформасида ҳарбийлаштирилган таълим йўналишига https://my.uzbmb.uz рўйхатдан ўтишлари лозим.
Академиянинг “Тергов фаолияти” йўналиши бўйича кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш, тенг ҳуқуқлилик принциплари ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида қуйидаги босқичларда ташкил этилади:
1) дастлабки танлов;
2) махсус психологик танлов;
3) ёзма имтиҳон (диктант);
4) тест синовлари.
Академия “Тергов фаолияти” йўналишида бакалавриат дастури бўйича таълим олиш муддати уч йилни ташкил этиб, битирувчиларга белгиланган давлат намунасидаги диплом берилади.
Ўқитиш ўзбек ва рус тилларида, давлат грантлари асосида ташкил этилади. Давлат грантлари асосида ўқишни тамомлаган Академия бакалавриатининг битирувчиларига ваколатли давлат органларида камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
Академияга қабул қилишда абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Академия битирувчилари ваколатли давлат органларига хизматга қабул қилинганда фақат офицерлар таркибига кирувчи ёки даражали унвон берилиши кўзда тутилган лавозимларга тайинланади.
Қўшимча маълумот учун: Ўқишга қабул қилиш бўйича Телеграмдаги гуруҳга аъзо бўлинг. Ҳавола: https://t.me/TV_HMQA_2024
Манзил: Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси янги биноси. Мўлжал: Нурафшон шаҳридаги Президент мактаби.