Спорт — бирлик ва жамоавийлик рамзи: Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллигига бағишланган спорт тадбири ўтказилди
Тошкент вилояти ички ишлар ходимлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан, вилоят ички ишлар органлари ҳамда Жазони ижро этиш департаменти ҳудудий бўлинмалари ходимлари иштирокида спорт тадбири ташкил этилди.
Тадбир доирасида футбол, стол тенниси, шахмат ҳамда арқон тортиш бўйича мусобақалар ташкил этилди. Мазкур беллашувлар ходимларнинг соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жамоавий муҳитни янада мустаҳкамлаш ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилди. Мусобақалар қизғин руҳда кечиб, кучлилар муносиб равишда ғолибликни қўлга киритишди.
Футбол бўйича вилоят ИИББ 3-минтақа жамоаси биринчи, вилоят ИИББ 2-минтақа жамоаси иккинчи, Бўстонлиқ тумани ИИБ жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади. Стол тенниси бўйича ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходимлари биринчи ҳамда учинчи, Жазони ижро этиш муассасаси ходими эса иккинчи ўринни қўлга киритди. Арқон тортиш мусобақасида ЖИЭМ жамоаси биринчи, Минтақа жамоаси иккинчи, Бўстонлиқ тумани ИИБ жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, шахмат мусобақаларида ҳам ходимлар ўз маҳоратини намоён этиб, беллашувлар юқори савияда ўтказилди.
Тадбир якунида барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бундай спорт мусобақалари нафақат соғлом турмуш тарзини тарғиб этади, балки жамоалар ўртасида бирдамликни кучайтириб, хизмат фаолиятида ҳамкорлик ва ўзаро ҳурматни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.