15 Декабр 2020 йил 490

Сектор раҳбарларига янги вазифа юклатилади

Бекобод шаҳри, Бекобод ва Бўка туманида «Хавфсиз ҳудуд» тезкор профилактик тадбир доирасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Бекобод тумани ва унга қўшни Бекобод шаҳри ҳамда Бўка тумани ҳудудларида ўтказилаётган кенг қамровли «Хавфсиз ҳудуд» тезкор профилактик тадбир доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижалари юзасидан Бекобод тумани ҳокимлигида йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Абдухалим Холмахматов ва Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳратжон Собиров, вилоят ИИББ ва Прокуратура раҳбарияти ҳамда туман сектор раҳбарлари ва бошқа масъуллар иштирок этди.

Йиғилиш давомида «Хавфсиз ҳудуд» доирасида тезкор профилактик тадбирлар доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, кузатилган хато ва камчиликлар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, зарур йўриқ ва тавсиялар бериб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари ва Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосарлари таклифлари илгари сурилди. Унга кўра, жиноятчиликнинг олдини олиш ва маҳаллалардаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш юзасидан ҳудудий сектор раҳбарларини масъул қилиб белгилаш билдирилиб, вилоят ИИББ ва Прокуратура масъулларига тегишли топшириқлар берилди.

Энди ушбу уч ҳудуд тажрибаси мисолида, кейинчалик вилоят бўйича сектор раҳбарлари бошчилигида масъулларни ва бошқа мутасадди ташкилот ходимларини, ҳар бир маҳаллага рўйхат асосида бириктирилади. Масъуллар ишларни шу орқали ташкил қилиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, уларнинг бандлиги ва бошқа масалаларини ҳал қилиш билан бирга ҳудуддаги жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш сифатини яхшилашга ҳам масъул бўлади.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech