13 Ноябр 2024 йил 1440

Ўрта Чирчиқда "закладчик"лар ушланди — синтетик гиёҳвандлик воситасининг айланмасига чек қўйилди

Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Хавфсиз ҳудуд – долзарб 50 кун” махсус профилактик тадбири доирасида вилоят ИИББ ва Бекобод шаҳар ИИБ ходимлари томонидан Ўрта Чирчиқ туманида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида 22-25 ёшдаги 3 нафар шахс 3 гр синтетик гиёҳвандлик воситасини назоратдаги харидорга 1,7 млн сўмга сотган вақтида далилий ашё билан қўлга олинди.

Қўлга олинганлар орасидаги шахс (Х.Ғ.) нинг ёнидан 6 грамм “марихуана” аниқланди, шериги (Ш.Л.)га тегишли машинадан эса гиёҳвандлик моддаси истеъмоли учун махсус ясалган баклажка топилди.

Олиб борилган суриштирувлар натижасида ушбу шахслар интернет орқали гиёҳвандлик воситаларини сотувчи шахслар билан алоқада бўлиб, “закладчик” сифатида фаолият юритгани ва уларга юборилган махсус локациялар орқали синтетик гиёҳвандлик воситаларини олиб, тарқатгани аниқланди.

Тезкор тадбир давомида ушлаган шахс (Ш.Л.)га юборилган сўнгги локация асосида Қибрай туманида “Чинобод” маҳалласи ҳудудидан вазни 20 гр бўлган синтетик гиёҳвандлик воситаси яширилган жойдан ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech