3 Ноябр 2020 йил 573

Расмий муносабат. Олмалиқда шифокор ва собиқ ИИБ ходими ўртасидаги зиддиятли вазият юзасидан

Мазкур ҳолат Олмалиқ шаҳар ИИБ томонидан назоратга олинган. Иш юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний қарор қилиш учун судга юборилган.

Жорий йилнинг 22 октябрь куни 1978 йилда туғилган фуқаро У.Нишонбоев (собиқ ИИБ ходими) соат тахминан 19-30 ларда тоби қочганлиги сабабли, Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасига мурожаат қилган. Уни қабул бўлимининг шифокори ва ҳамширалари қабул қилган.

Лекин, фуқаро Нишонбоев суҳбат давомида касалхонага мурожаат қилганда шифокорлар эътибор қилмасдан ёрдам кўрсатмаганлигини, анча вақт давомида касалхона қабул бўлимида ётиб кейин у ердан чиқиб кетаётган вақтида оила аъзолари шифокорлар ўз касбига лоқайд бўлганлигини айтиб, шифокорлар ва оила аъзолари ўртасида оғзаки тортишув бўлганини маълум қилган.

Аммо, шу куни шифохона бўйича масъул бўлган шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири М.Мирзааҳмедовга кўра, мастлик ҳолатида келган беморга қабул бўлимининг шифокори ва ҳамшираси томонидан биринчи ва зарурий ёрдам кўрсатилган. Шифокор гапига қўшимча қилиб, касалхонада оғир беморлар борлигини улардан шовқин солмасликни сўраган вақтида, Нишонбоевнинг яқин қариндошлари (отаси, ўғли ва рафиқаси) томонидан жанжал кўтарилиб, уни ҳақоратлаганини ва унга нисбатан зўрлик ишлатилганини айтиб, ҳолат юзасидан шаҳар ИИБга ариза берганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган суруштирув ишлари давомида тўпланган ҳужжатлар асосида фуқаро Нишонбоевнинг отаси А.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси ҳамда рафиқаси Н.Н.га нисбатан МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик содир этгани тўғрисида қарор қабул қилиниб, тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун шаҳар маъмурий судига юборилган.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech