Расмий муносабат. Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабар юзасидан
Видеода акс этган ҳолатда Оҳангарон тумани ЙПХ инспекторининг ҳаракати белгиланган қоидаларга зид эмас, аммо, унинг бошқарувидаги автотранспорт воситасининг давлат рақам белгиси ўзгартирилган (бўялганлиги)лиги юзасидан қонуний чора кўрилган.
Охангаронда ЙПХ инспектори ҳаракатланиш чоғида уяли телефондан фойдаланиб кетаётган ҳайдовчини тўхтатгани ва унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиргани ҳақидаги видео лавҳа тарқатилди.
Лавҳадаги ҳолат жорий йилнинг 22 апрель куни Тошкент вилояти Оҳангарон туманидан ўтувчи А-373 автомобиль йўлида содир бўлган.
Ҳайдовчи инспектор уни қўл ҳаракати ёрдамида тўхтатганлигини, бу ҳолат мавжуд қоидаларга зид эканлигини тасвирга олиш давомида айтиб ўтади.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари» нинг 39-бандида, «Ҳаракатни тартибга солувчи ёки ИИО ходими ўз хизмат вазифаларини бажараётганида ҳайдовчидан транспорт воситасини қўл ишораси ёки овоз кучайтиргич ёрдамида тўхтатишни талаб қилиши мумкин. Транспорт воситасининг ҳайдовчиси кўрсатилган жойда тўхташи шарт» деб аниқ белгилаб қўйилган.
Шунга кўра инспекторнинг ҳаракати қоидалар талабига зид эмас.
Шунингдек, инспектор бошқарувида бўлган автотранспорт воситасининг давлат рақам белгисининг ўзгартирилган (бўялган)лиги юзасидан қонунда белгиланган тартибда, яъни, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 125-моддасига асосан чора кўрилган.
ИИББ Ахборот хизмати