9 Декабр 2020 йил 357

Расмий муносабат. "Алия Ганиева" ники остида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси йўллаган мурожаати юзасидан

Мазкур ҳолат ҳақиқатдан ҳам 2019 йил 3 сентябрь куни Янгийўл туманида содир бўлган. Иш суд томонидан кўриб чиқилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик асосли деб топилган. Воқеа жойидан олинган видео тасвирларда ҳам барчаси намоён бўлган (илова қилинади).

Иш ҳужжатларига кўра, фуқаро Ж.Аманбаев 2019 йил 3 сентябрь куни соат 01-50 ларда ўзининг бошқарувида бўлган Nexia русумли автомашинасини Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳудудида ноодатий ҳолатда бошқариб кетаётганида, ҳудудда хизмат ўтаётган ЙПХ инспекторлари томонидан тўхтатилади.

Суҳбат давомида ҳайдовчидан спиртли ичимлик ҳиди анқиб турганлиги ва ўзини ғайритабиий тутиб, ҳуши ўзида бўлмаганлиги учун, унга тиббий текширувдан ўтиш таклиф қилинади ва кўрик хулосасига кўра, Ж.Аманбаевда алкоголь мастлик ҳолати аниқланади. Ҳолат юзасидан фуқаро Ж.Аманбаевга нисбатан ЙПХ инспектори томонидан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилади.

Шундан сўнг, 2020 йил 11 май куни Янгийўл шаҳар маъмурий суд биносида қайд этилган ҳолат юзасидан очиқ суд ўтказилади. Аммо, Ж.Аманбаев шу куни 9-00 га суд мажлисига келиши учун чақирув қоғози юборилганига қарамасдан, номаълум сабабларга кўра судга келмаган ва судни кечиктириш учун ҳеч қандай илтимоснома киритмаган.

Шу сабабли суд қонун талабларидан келиб чиқиб, судни жавобгар Ж.Аманбаевнинг иштирокисиз кўриб чиққан ва қарор чиқарган.

Суд қарорига кўра, фуқаро Ж.А.Аманбаев Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131 моддаси 1 қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилади ва шу модда билан 1 йил 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, БҲМ 25 баробари ( 5.575.000 сўм) миқдорида жарима жазоси тайинлайди.

Шу ўринда фуқаролардан ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан, тўғридан-тўғри ички ишлар тизимини обрўсизлантиришга қаратилган, текширилмаган ёки бир томонлама ўрганилган ахборот ва хабарларни тарқатмасликларини, бу каби ҳолатларда расмий манбалар орқали ҳолатга аниқлик киритишларини ва олинган маълумотларни холис етказишларини сўраймиз. Шу билан бирга, ҳар бир фуқаро чиқарилган қарор ёки ходимлар хатти-ҳаракатлари юзасидан юқори турувчи ташкилотга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликларини эслатиб ўтамиз. Қонун барчага баробар.

Тошкент вилояти ИИББ

Ахборот хизмати

Text to speech