Профилактика инспектори «Шуҳрат» медали билан мукофотланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 23 июлдаги «Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига асосан, Ярбеков Дилмурод Улуғмуратович - Зангиота тумани ИИБ 6-ички ишлар бўлими профилактика инспектори «Шуҳрат» медали билан медали билан мукофотланди.
Капитан Ярбеков Дилмурод Улуғмуратович 1981 йили Самарқанд вилоятида туғилган. 2004 йилда Самарқанд давлат педагогика университетини тамомлаган. Ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2009 йилда бошлаган. Оилали 2 нафар фарзанди бор. 2020 йил март ойидан эътиборан Тошкент вилояти ИИББ Тўртинчи минтақавий ҳудуд Зангиота тумани ИИБ 6-сонли Ички ишлар бўлими Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини гуруҳи таянч пунктлари профилактика инспектори вазифасида хизмат қилиб келмоқда. Ўтган 11 йиллик хизмати давомида ИИВ ҳамда вилоят ИИББнинг 10 дан ортиқ турли лавозимларда хизмат қилган ва раҳбарият томонидан бир неча бор рағбатлантирилган.
Капитан Ярбеков Дилмурод Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган карантин назорат тадбирлари фаол хизмат қилмоқда.
Хусусан, Зангиота туманида жойлашган карантин зонасида белгиланган муддатда уюшқоқлик билан хизмат олиб борган. Узига юклатилган вазифани аъло даражада бажариб, хизмат фаолиятини узига бириктирилган Зангиота тумани «Тошкент» маҳалла фуқаролар йиғинида давом эттирмоқда.
- Аввало, ушбу синовли кунлар даврида хизмат қилиш ҳар доимгиданда кўпроқ сергакликка чорлаб, масъулият юклайди, -дейди капитан Дилмурод Ярбеков. - Биринчи навбатда бу бизнинг бурчимиз, хизмат вазифамиз бўлса, синов келганда халқ, ватан олдида туриш мен учун шарафдир. Ушбу кичик хизматимизни юқори баҳолаган давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу каби эътибор ва рағбат албатта бизга янада масъулият ва ишонч юклаб, фахр бағишлайди. Ота-онам яқинларим ҳам жудаям хурсанд бўлиб, дуолар қилдилар.
Бу борада инспектор хизмат қилаётган маҳалла раисининг ҳам фикрларини эшитдик.
- Карантин зонасида хизмат қилиш билан бирга, тўрт ярим мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган бизнинг маҳалламиз фуқароларининг карантин қоидалари амал қилишлари, уларнинг хавфсизсизлиги ва саломатлиги, умуман маҳалладаги вазият ҳақида сўраб, назорат қилиб турди, -дейди «Тошкент» маҳалласи раиси Нодир Исроилов. – Бир сўз билан айтганда бунданда юқори мукофотларга лойиқ. Холис бир инсон сифатида айтаман, ўзим ушбу маҳаллага яқинда тайинланган бўлсамда хизмат фаолияти давомида буни бир неча бор гувоҳ бўлдим. Ушбу хизматлари билан нафақат ҳамкасбларига балки, маҳалла ёшларига ҳам ўрнак бўлиб келмоқда.
Ушбу хизматлар натижаси ўлароқ капитан Ярбеков Дилмурод Улуғмуратович кеча, 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига асосан «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.
ИИББ Ахборот хизмати