14 Октябр 2025 йил 35

Профилактик тадбирлар доирасида Тошкент ва Қибрай туманларида ўрганиш ишлари олиб борилди

Фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган «Долзарб 20 кунлик» тадбирлари доирасида Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи ўринбосари, подполковник Асилбек Рахманов бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятнинг Тошкент ва Қибрай туманларида тунги ўрганиш ишларини олиб борди.

Жараёнда туман ИИБлар фаолияти, маҳалла ҳуқуқ тартибот масканлари шахсий таркибнинг хизматга тайёргарлиги ҳамда ҳудудларда қўлланилаётган хавфсизлик чораларининг самарадорлиги ўрганилди. Хусусан, ижтимоий объектлар, тиббиёт бирлашмалари, бозорлар ва жамоат жойларида осойишталикни таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар назоратдан ўтказилди.

Ўрганиш давомида аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш, шунингдек, жамоат жойларида видеокузатув қамровини кенгайтириш, патруллик назоратларини кучайтириш масалалари ҳам алоҳида эътиборга олинди.

Аниқланган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, хизмат самарадорлигини ошириш ва тезкор вазиятни барқарор сақлаш мақсадида масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Text to speech