3 Декабр 2020 йил 394

Оҳангаронда кўп миқдордаги ноқонуний пиротехника ва дори воситалари ушланди

"Чинор" ЙПХ масканида пойтахтга олиб кирилиши режалаштирилган пиротехника ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари ушланди. Тезкор тадбир давом этмоқда.

Тошкент вилояти ИИББ ва ҳамкорликдаги ташкилотлар томонидан «Хавфсиз ҳудуд» тезкор-профилактик тадбири билан бирга ҳудудларда содир бўлиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш бўйича бир қатор чоралар кўрилмоқда.

Айниқса, оғир оқибатлар олиб келувчи пиротехника воситаларининг тарқалишини олдини олиш, пандемия даврида турли дориларнинг ноқонуний савдосига чек қўйиш борасида ҳам тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йил 25 ноябрь куни ИИББ Жиноят қидирув ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Фарғона вилоятида яшовчи 28 ёшли Зухриддин З. Gentra автомашинасида Фарғона-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтида «Чинор» ЙПХ масканида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилади.

Текширув давомида автомашина юкхонасида тахминий нархи 25 миллион сўмга тенг бўлган 150 дона «Тропикамид» ва 16 дона конвалютада хар бирида 14 тадан жами 220 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дорилар ҳамда тахминан 20 миллион сўмга тенг бўлган пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштирилиб олинади.

Худди шу куни иккинчи ҳолат. Наманган вилоятида яшовчи 24 ёшли Рашид А. Hyundai автомашинасида Наманган-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтида масканда тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилади.

Ушбу автомашина юкхонасида ҳам ҳеч қандай тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган, тахминий нархи 60 миллион сўмга тенг бўлган ҳар-хил турдаги дори-дармонлар борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинади ва тегишли чора кўриш учун ҳудудий ИИБ топширилади.

Ҳозирда вилоят ИИББ ЖҚБ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан бу каби тадбирлар давом эттирилмоқда.

ИИББ Ахборот хизмати

 

Text to speech