Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун хайрия тадбири ташкил этилди
Тошкент вилояти ИИББ Кадрлар бошқармаси ҳамда Фахрийлар кенгаши томонидан Болалар уйи тарбияланувчиларига ош дастурхони ва хайрия тадбири ташкил этилди.
Меҳр-мурувват, саховат ва биродарлик инсоннинг зийнатидир. Халқимизда муҳтожларга, боқувчисини йўқотганларга, жисмоний заифликка эга бўлганларга меҳр улашиш, уларга кўмак бериш ва эътибор қаратиш каби олижаноб фазилатлар болаликдан тарбияланади ва бора-бора шакллантирилади.
Ички ишлар бош бошқармаси томонидан Болалар уйида мунтазам ташкил этиб келинадиган хайрия тадбирларининг навбатдагиси бош бошқарма Фахрийлар кенгаши томонидан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Бўстонлиқ туманида жойлашган «Нур» болалар оромгоҳида ташкил этилди.
Дастлаб, юздан ортиқ тарбияланувчилар учун дастурхонга ош тортилди. Тадбир давомида концерт ва томоша дастурлари намойиш этилиб, унда болаларнинг ўзлари ҳам иштирок этишди. Дастурда ижро этилган рақслар, саҳнавий чиқишлар мурғак қалбларга янада кўтаринки кайфият бахш этди.
Тадбирда ИИББ бошлиғининг ўринбосари полковник Алиаҳмед Чориев, Бўстонлиқ тумани ИИБ бошлиғи, Фахрийлар кенгаши аъзолари ҳамда Болалар уйининг раҳбарияти ва масъуллари иштирок этди.
— Бу йил барча учун ҳам синовли йил бўлди. Шунга қарамасдан бизни йўқловчилар борлигидан икки карра мамнунмиз, -дейди Яшнаобод тумани 30-сонли Меҳрибонлик уйи директори Фируза Усманходжаева. — Фурсатдан фойдаланиб тадбир ташкилотчиларга ўзим ва 100 дан ортиқ болаларим номидан миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Болаларим жудаям хурсанд. Ҳаммаси ҳақиқатда ажойиб бўлди. Улар таътилда ўтказган бу кунларини анча вақт эслаб юрадилар.
Тадбир кўтаринки кайфиятда давом эттирилиб, турли рақслар ва куй қўшиқлар ҳамда ажойиб шоу дастурлар билан якунланди.