«Мустаҳкам оила – жамият кўрки» мавзусида маърифат соати ўтказилиб, китоб ярмаркаси ташкил этилди
Бугун, 17 май куни ўтказилган «Маънавий ва маърифий соат»да Тошкент вилояти Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси Оллоёр Бобонов иштирок этиб, мавзу юзасидан маъруза қилди. Тадбирда ИИВ ишчи гуруҳи масъуллари ҳамда Бош бошқарма раҳбарияти ва шахсий таркиби иштирок этди.
Тарихсиз келажак йўқ дегандек маърузачи, буюк Амир Темурнинг оиласига бўлган эътибори, оила ва жамият мустаҳкамлиги ҳамоҳанг олиб боргани ҳақида тўхталди. Шунингдек, оилалар мустаҳкамлиги ва бугунги кунда унда йўл қўйилаётган камчиликларни вилоятда яшаётган оилалар ҳаётидаги амалий мисоллар билан тушунтириб ўтди.
Хулоса ўрнида ҳар биримиз оила, жамият давомчиларининг таълим тарбиясига эътиборни янада оширишимиз зарурлиги алоҳида таъкидланди. Зеро, зурриёт – қўрғоннинг давомчилари, ота ва она меҳри ва садоқати туфайли дунёга келади. Тарих чархи шу тариқа айланаверади. Бир сўз билан айтганда мустаҳкам оила – жамият кўрки бўлиши билан бирга таянчи ҳамдир.
Шунингдек, Кадрлар бошқармаси масъуллари томонидан ўтган ҳафта мобайнида ходимлар билан боғлиқ баъзи ҳолатлар бўйича маълумот берилиб, хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий амал қилган ҳолда хизмат олиб бориш зарур ва шартлиги таъкидланди.
Тадбирдан сўнг Бош бошқармада ташкил этилган китоб ярмаркасида ходимлар ўзларини қизиқтирган китобларни мутолаа учун олишди.
ИИББ Ахборот хизмати