28 Август 2025 йил 269

Маҳаллаларда ижобий бурилишлар жараёни

Тошкент вилояти бўйлаб маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш мақсадида барча раҳбарлар вилоятнинг «қизил» тоифадаги маҳаллаларига бириктирилиб, ҳудудда криминоген вазиятни яхшилаш борасида аниқ режа асосидаги ишлар ташкил қилинмоқда.

Хусусан, Тошкент вилоятида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш мақсадида ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Ортиқ Худайбергенов Зангиота туманидаги «қизил» тоифага кирган маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб борди.

Жараёнда ички ишлар органлари ва маҳалла еттилигининг иши таҳлил қилиниб, амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Зарур кўрсатмалар берилди ва самарадорликни ошириш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинди.

Зангиотада криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида ички ишлар органлари, маҳалла еттилиги ва маҳаллий ҳокимиятлар ҳамкорлигида комплекс чоралар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, жиноятчилик ва ижтимоий муаммоларнинг олдини олиш учун зарур йўналишлар белгиланган. Маҳаллада ичкиликка ружу қўйган, гиёҳвандликка мойил ва руҳий касалликларга чалинган шахсларни даволаш ва реабилитация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Тегишли муассасалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Шунингдек, «Рақамли хавфсиз маҳалла» лойиҳаси доирасида хавфсизлик тизими модернизация қилиниб, жиноятларга оид маълумотларни тезкор таҳлил қилиш имконияти яратилмоқда. Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар кучайтирилиб, жойларда хавфсиз муҳит яратишга эътибор қаратилмоқда.

Тошкент вилоятида «қизил» тоифадаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва криминоген вазиятни яхшилаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар натижадорлигини оширишга қаратилган ишлар давом этмоқда.

ИИББ Ахборот хизмати.

Text to speech