8 Декабр 2020 йил 914

Конституция–қонуний манфаатлар кафолати! Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун.

Азиз ватандошлар!

Аввало барчангизни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан самимий қутлаймиз.

Ҳар бир мамлакатнинг Конституцияси айни шу давлатнинг дунёда борлигини, қолаверса, ҳуқуқий асос билан ташкил этилганлигини акслантирувчи далолатномадир.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганидан сўнг мустақил мамлакат Конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш биринчи галдаги вазифа этиб белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси икки марта умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Кенг жамоатчиликнинг қўшимча ва таклифлари эътиборга олинган ҳолда 1992 йил 8 декабрь куни Парламентнинг ўн иккинчи чақириқ XI сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.

Мамлакатимиз Бош қомуси ўзининг нақадар халқчиллиги билан кўплаб сиёсатчилар ва давлат арбоблари томонидан эътироф этилади. Биргина исбот Ўзбекистон Конституциясининг 18-моддада «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъий назар, қонун олдида тенг», дейилган бўлса, 46-моддада «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар», дея такрор қатъий белгиланади. Бу мустақил Ўзбекистон ўз сиёсатининг туб замирида, энг аввало, инсон манфаатлари ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари устувор эканлигини намоён этувчи тимсол, дейиш ўринлидир. Айниқса, Ўзбекистон Конституциясидаги XIV – Оила бобининг жаҳон конституцияларида такрорланмаслиги ҳам эътиборлидир.

Аслида Конституциямизнинг ҳар бир моддаси юқоридаги мисоллар каби мукаммал ва аниқ яратилган. Асосийси, ҳар бир фуқаро, у қайси касб эгаси ёки ким бўлишидан қатъий назар, аввало, Конституцияни ҳурмат қилиши, ўз ҳақ ҳуқуқларини билиш бирга бурчларини ҳам ёдда сақлаш кераклиги ҳақида сўзлайди.

Шунингдек, Конституциясининг 22-моддасида «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилади ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди», дейилган.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, ўтаётган йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан «Меҳр – 1» ва «Меҳр – 2» операцияларида Яқин Шарқда ўта оғир вазиятда қолган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди. Бугун ҳам ушбу инсонпарварлик тамойили давом этиб, «Меҳр-3» операцияси доирасида қуролли тўқнашувлар ҳамда можаролар бораётган ҳудудлардан 100 нафарга яқин болалар ва аёллар олиб келинди. Бу ҳам юқорида қайд этилгани каби Конституциямизнинг 22-моддасининг яққол исботи, қолаверса давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродасининг намойишидир.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси нафақат давлат борлигининг далолатномаси, балки ҳар бир фуқаро ва шахсларининг тинч ва фаровон ҳаётининг кафолати ҳамдир.

Ҳурматли Ички ишлар органлари ходимлари!

Давлатимиз раҳбари «Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим бу – ички ишлар органларидир» деб алоҳида таъкидладилар. Дарҳақиқат, ички ишлар органларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бош қомусимизда белгиланган халқчиллик тамойиллари асосида жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Машаққатли шу билан бирга шарафли касбингизга улкан муваффақиятлар ёр бўлсин. Зеро, халқ манфаатларига хизмат қилиш ҳам бурч ҳам фахрдир.

Сизларни, сизлар орқали юртдошларимизни ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамкасбларимизнинг оила аъзоларини яна бир бор бош қомусимизнинг 28 йиллиги билан муборакбот этамиз.

 Тошкент вилояти

Ички ишлар бош бошқармаси

 

Text to speech