7 Ноябр 2025 йил 45

«Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги» доирасида Тошкент вилояти ИИББда матбуот анжумани ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ, фуқароларда киберҳужумларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан ноябрь ойи Республика бўйича «Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги» деб эълон қилинди.

Мазкур ойлик доирасида Тошкент вилоятида матбуот ва ОАВ вакиллари, журналистлар, блогерлар ҳамда корхона ва ташкилотлар масъуллари иштирокида матбуот анжумани (брифинг) ўтказилди. Тадбирда вилоят ИИББ раҳбарияти ва мутахассислар ойликнинг мақсад ҳамда вазифалари, амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Бугунги кунда вилоятда содир этилаётган кибержиноятларнинг аксарияти зарарли ҳаволалар, сохта тўловлар, ёлғон крипто биржалар, онлайн кредитлар ва телефон орқали алдов усуллари орқали амалга оширилмоқда. Шу сабабли, аҳолининг кибермаданиятини ошириш, кибергигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, шубҳали ҳолатларда дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиш зарурлиги таъкидланди.

Анжуман якунида иштирокчилар саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар бердилар.

Шунингдек, ойлик давомида «Энг яхши контент», «Энг оммабоп челленж», «Энг таъсирли видеоролик», «Киберсаводхон маҳалла», «Энг яхши иншо» ва «Энг яхши инновацион ёндашув» каби танловлар, ИТ йўналишида онлайн олимпиадалар, кибертаҳдидлардан ҳимояланиш бўйича ўқув курслари ҳамда мутахассисларнинг фуқаролар билан учрашувлари ташкил этилаётгани танлов ғолиблари ойлик якуни бўйича рағбатлантирилиши бўйича маълумот берилди.

Text to speech