14 Январ 2021 йил 760

Юксак эътироф муборак азиз ҳамкасблар!

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида тантанали тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи полковник Тоҳир Арипов бошчилигида вилоят шахсий таркиби ва раҳбарлар, ҳамкорликдаги ташкилот масъуллари иштирок этди.

Дастлаб, бош бошқарма бошлиғи йиғилганларни, қолаверса, улар орқали ватан ҳимоясида турган барча ҳамкасбларни бугунги байрам – Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий қутлади ва Ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб эшиттириб, соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан тўхталиб ўтди.

Бош бошқарма бошлиғи вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлиги таъминлашда ҳар бир ходимнинг алоҳида ўрни борлигини ва вақти келганда эътироф этилишини кераклигини билдирди. Ходимларнинг хизматларига зафарлар тилаб, вилоят ИИОда садоқат ва шижоат билан хизмат қилаётган ҳар бир ходимга ишонч билдиришини, улар ҳақиқий ватан ҳимоячиси эканлигини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг, тадбирнинг тақдирлаш ва мукофотлаш қисмига ўтилди.

Аввал, бош бошқарма бошлиғи тадбирда меҳмон бўлган — Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими раҳбари Сайёра Файзиевани «Маънавият-маърифий ишлар аълочиси» кўкрак иншони билан тақдирлангани учун қутлаб, мукофотни топширди.

Шунингдек, тадбир давомида ИИВ томонидан кўкрак нишонлари, эсдалик қўл соати ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган 18 нафар ходимга ҳамда подполковник махсус унвони билан мукофотлан 3 нафар ходимга мукофотлар топширилди.

Шу билан бирга, вилоят ИИББ соҳавий хизматлар орасида ҳар йил ўтказилиб келинаётган, анъана — «Йилнинг энг яхши соҳавий хизмат ходими» танловининг ғолиблари аниқланиб, уларга ҳам махсус мукофотлар топширилди.

Мукофотлаш давом эттирилиб, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, юклатилган вазифаларга виждонан ёндашган 372 нафар ходимлар пул мукофоти билан рағбатлантирилган бўлса, 59 нафар ходимларнинг берилган «интизомий жазо»си муддатидан олдин бекор қилинди.

Тадбирнинг маданий қисмида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ва эл ардоғидаги санъаткорлар иштирокида концерт намойиш этилди.

Ҳозирда сана муносабати билан, жойларда ИИО маъмурий бинолари ва ходимлар учун қурилган кўп қаватли уйларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech