29 Август 2020 йил 715

ЙҲХБ: «Тезликнинг сўнги манзили» Тошкент вилоятида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда

Тошкент вилоятида содир этилаётган йўл транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, сонини камайтириш ҳамда йўл ҳаракати қоидаларини кенг кўламда тарғиб қилиш мақсадида вилоят ҳудудида «Тарғибот автокарвони» ташкил этилди.

Тарғибот тадбирига Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ раҳбарияти ва ходимлари, «Ватанпарвар» ўқув ташкилотининг мутахассислари, Ёшлар Иттифоқининг фаол аъзолари иштирок этди.

Автокарвони патруль автомобиллари кузатувида Нурафшон ва Олмалиқ шаҳарлари аҳоли гавжум жойларда тўхтаб, йиғилганларга мақсадлар тушунтирилди. Одамлар эса эвакуаторга ортилган машина қолдиқларига афсус ва надомат билан тикилди. Юк автомобилларига илинган баннерлар эса уларни янада ҳушёр, сергак ва интизомли бўлишга даъват этди.

- Оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари асосан белгиланган тезлик талаблари бузилганида содир этилади, -дейди Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи Рустам Асқаров. -Кўргазма сифатида олиб юрилган транспорт воситаларининг эгалари ҳам тезлик талабларини бузиш оқибатида йўл-транспорт ҳодисасига учрашган. Рақамларга мурожаат қилсак шу йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ҳудудида 400 тадан ортиқ ЙТҲ содир этилган. Уларнинг асосий қисмига юқори тезлик сабаб бўлган. Карвонни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ЙТҲлар сонини камайтириш.

Ушбу тарғибот тадбири навбатма-навбат вилоятнинг 22 та туман шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech