«Янгийўлда 8 яшар қизни бегона шахслар олиб кетмоқчи бўлди» номли хабар юзасидан ИЗОҲ
Ижтимоий тармоқларда «Янгийўл шаҳрида 8 яшар қизни бегона шахслар олиб кетмоқчи бўлди» каби изоҳлар билан тарқатилган хабар юзасидан
Ҳозирда мазкур ҳолат Янгийўл шаҳар ИИБ ва прокуратура назоратига олинган ва суруштирув ишлари олиб борилмоқда. Тасвирдаги ўқувчи қиз соғ-саломат ва ота-онаси ёнида. Мактаб дарсларида иштирок этмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 29 январь куни соат 12:10ларда Янгийўл шаҳрида яшовчи 2013 йилда туғилган, 1 синф ўқувчиси С.А. дарсини тугатиб мактабдан чиққан вақтида, унинг ёнига номаълум шахс келган ва у билан суҳбатлашган. Унга ширинлик олиб беришини айтиб, қўлидан тутиб биргаликда бозор томонга ҳаракатланган.
Улар бироз йўл юргандан кейин қизалоқ у билан кетмаслигини айтиб, хархаша қилиб йиғлай бошлаган. Шундан сўнг у қизга мактаб сумкасини қайтариб берган ва ўзи йўлда давом этган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео хабарларда ҳам акс эттирилган.
Ҳозирда шаҳар ИИБ томонидан ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ушбу шахснинг кимлигини аниқлаш ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан суруштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этиш жоиз, ижтимоий тармоқларда ушбу вазият билан боғлиқ бўрттирилган ёлғон ахборот ва фуқаролар томонидан ҳеч бир асосга эга бўлмаган, одамларда шубҳа туғдирувчи турли овозли хабарлар тарқатилмоқда.
Шу ўринда фуқароларимизни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини, ахборот хуружлари ва ёлғон маълумотлар остидаги зарарли таъсирлардан ҳушёрликка чорлаб, журналист ва блогерлардан ҳар бир вазиятга холис ёндашишларини, асосланмаган хабарларни тарқатмасликни ва нотўғри талқин қилмасликларини сўраймиз.
ИИББ Ахборот хизмати