ИИББ: Telegram’да хайрия ниқоби остида ташкил этилган фирибгарлик жинояти фош этилди
Тошкент вилояти ИИББ 1-минтақавий ҳудуд мувофиқлаштириш маркази ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, telegram тармоғи орқали хайрия учун деб 10 миллион сўм ва 1 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштираётган шахс Самарқанд шаҳрида қўлга олинди.
Кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига маълумки, telegram тармоғида «Эъзозага ёрдам» хайрия гуруҳи ташкил қилинган эди. Бу гуруҳ орқали саховатли ва кўнгилли инсонлар оғир хасталикка чалинган ҳозирда 3 ёш бўлган Эъзозанинг даволаниши учун ёрдам бериб келмоқдалар. Аммо, гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек хайрияни ниқоб қилган баъзи қўштирноқ ичидаги шахсларнинг қилмишларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
2020 йилнинг 13 август куни Тошкент вилояти ИИББ 1-минтақавий ҳудуд бошлиғи номига Чирчиқ шаҳарда яшовчи Эъзозанинг отаси фуқаро Э.Гулметов ариза билан мурожаат қилади. У ўз аризасида ноъмалум аёл унинг қизи Эъзозага тегишли бўлган маълумотларни ўзлаштириш орқали телеграм ижтимоий тармоғида ташкил этилган «Эъзозага ёрдам» гуруҳида ўзини гўёки Эъзозанинг онаси деб таништириб, фирибгарлик йўли билан хайрия пулларини ўзлаштираётгани ҳақида баён қилиб, унга тегишли чора кўришни сўрайди.
Ҳолат юзасидан ИИББ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суруштирувлар давомида ушбу аёлнинг Эъзозага ёки унинг яқин қариндошларига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланади ва жиноятни барвақт олдини олиш ҳамда иссиқ изида фош этиш мақсадида тезкор тадбир ташкил этилди.
Тадбирга ўз ихтиёри билан кўмаклашишга розилик билдирган Эъзозанинг отаси интернетдаги номаълум аёл билан шартли равишда «саховатли инсон» бўлиб телефон орқали мулоқотга киришади. Шунда, аёл Эъзозанинг онаси эканлигини ва қизчанинг кунлик муолажалари учун зудлик билан 25 миллион сўм пул зарурлигини, унинг аҳволи оғирлигини ва ўзи Самарқанд вилоятида эканлигини айтиб, хайрия пулларини олиш учун Тошкент шаҳрида ички ишлар ходими бўлиб ишловчи танишини юборишини айтади.
Шундан сўнг, тадбирга ИИВ ЎХБ Тошкент вилояти бўйича бўлими ходимлари ҳам жалб этилади ва соат 17:30 ларда белгиланган жойга келиб «саховатли инсон»га ўзини Шавкат деб таништирган фуқаро хайрия сифатида берилаётган келишилган пулларни олаётган вақтида тадбир қатнашчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланади.
Текширув давомида, у аслида 1981 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган «Самарқанд-Тошкент» йўналишида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи Шавкат Б. эканлиги ва бирон-бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органда хизмат қилмаслиги аниқланади.
Ушланган шахс билан ўтказилган суҳбат давомида, унга ноъмалум аёл қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳрида 10 миллион сўм ва 1 400 АҚШ доллари миқдоридаги пуллари борлигини, фақат пулни олаётган одамига ўзини ИИО ходими деб таништиришини илтимос қилганлигини ва бунинг эвазига 200 минг сўм почта пули олишга келишганини маълум қилади.
Ҳайдовчи Шавкат Б. ўз ихтиёри билан тезкор тадбирни давом эттиришга розилик билдиради.
14 август куни Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир давом эттирилиб, фирибгарликда гумонланувчи аёл ҳайдовчи Шавкатдан келишилган пулларни олаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
Фирибгарликда гумонланган шахс 2001 йилда туғилган, турмушга чиқмаган Самарқанд шаҳрида яшовчи М.М. эканлиги аниқланган. Ўтказилган суҳбат давомида, у telegram ижтимоий тармоғида фаол эканлиги ва бир биридан фарқ қилувчи 8 та профилдан фойдаланиши уларнинг 4 таси АҚШ рақамларидан очилганлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан, фуқаро М.М.га нисбатан Қибрай тумани ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а”-банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан воқеа жойларида туширилган тезкор тасвирлар яқин вақт ичида видео контент тарзида намойиш этилади.
ИИББ Ахборот хизмати